Барча ислоҳотлар аҳоли манфаатига хизмат қилади
Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Қорақулончи” маҳалла фуқаролар йиғини янги бинода иш бошлади.
Маҳалла идораси шу кунга қадар ўзининг муқим биносига эга бўлмаган. Ўтган йиллар давомида маҳаллага иши тушган аҳоли ўнлаб чақирим йўл босиб, манзили тез-тез ўзгарган маҳалла идорасини излаб, сарсон бўлган. Туман марказидан 30-32 километр узоқликда жойлашган маҳаллада айни пайтда 612 та хонадон, 3 минг 140 нафар аҳоли яшайди. Маҳалла янги биносининг очилиш маросими катта байрамга айланди. Мазкур бино вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилган 150 миллион сўм маблағ асосида бунёд этилди.

–Жорий йилнинг ўзида Қоракўлда 8 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси янгидан қуриб фойдаланишга топширилди, – дейди туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Садриддин Раҳимов. – Шунингдек, 4 та маҳалла бинолари қурилиши давом этмоқда. Ҳар бир маҳалла биносини бунёд этишда вилоят маҳаллий бюджетидан 150 миллион сўмдан маблағ ажратилган.
Очилиш маросимида иштироки этган сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла аҳолиси янги бинода яратилган шароитлар билан танишди. Замонавий қиёфа касб этган маҳалла биносидаги шароитлар меҳмонларга манзур бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА