Банкларнинг устав капитали миқдори оширилмоқда
Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Унда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан банклар устав капитали миқдорини 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йилнинг 1 январигача босқичма-босқич юз миллиард сўмдан беш юз миллиард сўмгача ошириб бориш тўғрисидаги талабларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур меъёрнинг киритилиши банкларни капиталлаштириш даражаси ҳамда ресурс базасини ошириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қўшимча кредит бериш имкониятини яратади.
Шунингдек, қонунга кўра, норезидентлар томонидан банкларнинг акцияларини олишга нисбатан чекловлар қисман бекор қилинмоқда. Халқаро бозорларда оммавий жойлаштирилган акцияларни сотиб олиш соддалаштирилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган мазкур қонунга киритилаётган ўзгартишлар банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришлар жараёнларида иштирок этишини кенгайтиришга хизмат қилади.
ЎзА