Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш бўйича янги талаблар кучга киради
Банклар молиявий қийинчиликка дуч келганидан кейин эмас, балки унинг дастлабки белгилари пайдо бўлган пайтдаёқ чора кўришга тайёр бўлиши керак.
Ўзбекистон банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлаш, эҳтимолий хатарларни олдиндан аниқлаш ва банкларнинг молиявий қийинчиликларга тайёрлигини оширишга қаратилган янги талаблар белгиланди.
Адлия вазирлиги томонидан «Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режасига қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги Низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низом банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режаси қандай мазмунга эга бўлиши, қачон янгиланиши, Марказий банкка қандай тақдим этилиши ва уни баҳолаш тартибини белгилайди. «Қутқарув режаси» олдиндан тайёрланади. Янги талабларнинг энг муҳим жиҳати — банк молиявий қийинчиликка тушиб қолганидан кейингина чора изламайди. Аксинча, эҳтимолий муаммолар юзага келганда қандай ҳаракат қилиш бўйича олдиндан аниқ режага эга бўлиши керак. Бу режа банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
Тиклаш режасининг ўзи бир нечта муҳим қисмни қамраб олади. Улар орасида банкда тиклаш жараёнини бошқариш, стратегик таҳлил, молиявий ҳолатни баҳолаш кўрсаткичлари, тиклаш чора-тадбирлари ва турли сценарийлар мавжуд. Бундан ташқари, режада инқирозли вазият юзага келганда ахборот алмашиш ва коммуникация тартиби, шунингдек, режани амалга оширишга тайёргарлик чоралари ҳам белгилаб қўйилади.
Тиклаш режасида тиклаш кўрсаткичларининг белгиланиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашганини фақат якуний натижалар орқали эмас, балки дастлабки сигналлар орқали аниқлаш муҳим. Масалан, капитал етарлилиги, ликвидлик, активлар сифати ёки бошқа молиявий кўрсаткичларда салбий динамика кузатилса, банк олдиндан ишлаб чиқилган чораларни ишга тушириши мумкин. Шу нуқтаи назардан, янги талабларни банк тизимида «муаммо пайдо бўлди — кейин чора кўрамиз» тамойилидан «хавфни олдиндан кўрамиз ва тайёргарлик кўрамиз» тамойилига ўтиш сифатида баҳолаш мумкин.
Низомда ички назорат механизмларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Банкнинг ички аудит хизмати томонидан тиклаш режасининг ишлаб чиқилиши, янгиланиши ва амалга оширилиши йилига камида бир марта мустақил баҳоланади. Бу талаб режанинг қоғозда қолиб кетмаслиги учун муҳим. Яъни, банкда фавқулодда вазият юзага келганда ишламайдиган формал ҳужжат эмас, балки амалда қўллаш мумкин бўлган механизм шакллантирилиши керак.
Режа бир марта тузилиб, ўзгаришсиз қолмайди. Банк тиклаш режасини ҳар йили янгилайди. Бундан ташқари, банкнинг ташкилий тузилмаси, фаолияти ёки молиявий аҳволида тиклаш режасига таъсир қилиши мумкин бўлган сезиларли ўзгаришлар юз берса, режа муддатидан олдин ҳам қайта кўриб чиқилади. Бу ёндашув жуда муҳим. Чунки банкнинг бизнес модели, активлари, мажбуриятлари, бозордаги позицияси ёки молиявий кўрсаткичлари ўзгариши билан унинг эҳтимолий хатарлари ҳам ўзгаради.
Банклар иқтисодиётда аҳоли ва бизнеснинг маблағларини жамлайди, кредит ажратади ва тўловларни амалга оширади. Шу сабабли алоҳида банкдаги жиддий молиявий муаммо нафақат унинг ўзига, балки мижозлар, кредиторлар ва умумий молиявий барқарорликка таъсир қилиши мумкин. Тиклаш режаси эса бундай хатарларни бошқаришда «олдиндан тайёрланган сценарий» вазифасини бажаради. Мазкур ёндашув банкнинг молиявий ҳолати ёмонлашганда капитални тиклаш, ликвидликни таъминлаш, харажатларни қисқартириш, айрим актив ёки операцияларни қайта кўриб чиқиш каби чораларни ўз вақтида кўриш имкониятини оширади.
Энг муҳими, бу тизим банкнинг молиявий муаммосини унинг мижозлари учун жиддий оқибатларга олиб келмасидан олдин аниқлаш ва бошқаришга қаратилган. Тиклаш режаларининг Марказий банкка тақдим этилиши ва баҳоланиши банклар фаолиятидаги хатарларни назорат қилиш механизмларини янада кучайтиради. Бу ерда асосий мақсад банкларга ортиқча маъмурий юклама юклаш эмас, балки уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва эҳтимолий муаммоларни эрта босқичда аниқлашдан иборат. Шу билан бирга, янги талаблар банкларнинг ички бошқаруви ва риск-менежмент тизимига ҳам юқори талаб қўяди. Банк раҳбарияти нафақат жорий молиявий натижаларни, балки турли салбий сценарийлар рўй берганда қандай ҳаракат қилишини ҳам олдиндан ҳисоблаб чиқишига тўғри келади.
Умуман олганда, янги тартиб банк тизимида профилактик риск-менежмент тамойилини кучайтиришга хизмат қилади. Яъни банклар муаммо келиб чиққандан кейин уни бартараф этишга эмас, балки эҳтимолий молиявий босимларни олдиндан баҳолаб, уларга тайёр туришга мажбур бўлади. Бу эса узоқ муддатда банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш, омонатчилар ва бошқа мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда молия тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун муҳим омил ҳисобланади.
Низом расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА