Банкларнинг инвестициявий фаоллиги ортмоқда
Ўзбекистон Банк-молия академиясида инновация-инвестиция фаолиятини янада такомиллаштиришда банк-молия секторининг иштирокини кенгайтиришга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Банк-молия академиясида инновация-инвестиция фаолиятини янада такомиллаштиришда банк-молия секторининг иштирокини кенгайтиришга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари М.Мирзаев, Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар томонлама пухта ўйланган бюджет-солиқ, фаол инновация-инвестиция сиёсатини юритиш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида модернизациялаш дастурларини изчил амалга ошириш, ҳудудларнинг инновациялар бўйича салоҳиятини ривожлантириш, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда мутаносибликни таъминлаш эвазига ўтган йилларда мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланаётганини таъкидлади.
Банк тизимини ислоҳ қилиш, эркинлаштириш ва барқарорлигини ошириш ҳам доимий эътиборда. Бугунги кунда бу борада амалга оширилаётган дастурларда банкларнинг барқарорлигини ошириш, банклар капиталига қўшимча инвестициялар жалб этиш, уларнинг фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган банк хизматлари ҳажмини янада кенгайтириш ҳамда аҳолининг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш асосий йўналишлар этиб белгиланган.
Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини ошириш мақсадида йилдан-йилга солиқ юки камайтириб борилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда аҳоли реал даромадлари ўсишига кўмаклашадиган, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга асос бўлиб хизмат қиладиган кенг кўламли солиқ ислоҳотлари амалга оширилмоқда.
Анжуманда олимлар ва банк-молия соҳасининг етакчи мутахассислари иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини модернизациялашда банк-молия институтлари иштирокининг долзарб масалалари, банк-молия соҳаси барқарор ривожланишида, инвестицион фаоллигини кучайтиришда банкларнинг ликвидлигини ошириш, молия-кредит муассасалари томонидан ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, янги корхоналар ва иш ўринларини ташкил этишдаги иштирокини янада фаоллаштириш, микромолиявий ташкилотлар, лизинг, суғурта ва пенсия фондларининг инвестицион манба сифатида фаолиятини олиб бориш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашди.