Банкларда 22,9 триллион сўмлик муаммоли кредит бор
Ўзбекистон банк тизимида қайтарилиши кечикаётган кредитлар ҳажми 22,94 триллион сўмни ташкил этмоқда. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи давлат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Марказий банк таҳлилига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатида республика банкларидаги муаммоли кредитлар — яъни ўз вақтида қайтарилмаган ёки қайтарилишида қийинчилик юзага келган кредитлар миқдори 22,94 триллион сўмга етган. Унинг қарийб 16,44 триллион сўми давлат банклари ҳиссасига тўғри келади. Бу умумий муаммоли кредитларнинг 70 фоиздан ортиқ қисмини ташкил этади. Хусусий банклардаги муаммоли кредитлар эса 6,5 триллион сўм атрофида.
Муаммоли кредитлар динамикасига назар ташланса, сўнгги бир йилда давлат банклари орасида энг катта ўсиш Микрокредитбанкда қайд этилган. Банкда муаммоли кредитлар ҳажми 613 миллиард сўмга ошган. Шунингдек, Алоқабанкда бу кўрсаткич 401 миллиард сўмга, Агробанкда эса 394 миллиард сўмга кўпайган. Бироқ барча давлат банкларида ҳам вазият бир хил эмас. Масалан, Ўзсаноатқурилишбанк муаммоли кредитлар ҳажмини 562 миллиард сўмга, Халқ банки эса 346 миллиард сўмга қисқартиришга эришган.
Марказий банк маълумотларига кўра, хусусий банклар ҳиссасига тўғри келадиган муаммоли кредитлар миқдори 6,5 триллион сўмни ташкил этган. Улар орасида Ипотекабанк — 1,1 триллион сўм, TBC Bank Uzbekistan — 1 триллион сўм, Anorbank — 901 миллиард сўм, Kapitalbank — 822 миллиард сўм муаммоли кредитларга эга.
Сўнгги бир йилда хусусий банклар орасида ҳам турли динамика кузатилган. Хусусан, Anorbank’да муаммоли кредитлар 586 миллиард сўмга, TBC Bank Uzbekistan’да эса 582 миллиард сўмга ошган. Шу билан бирга, Ипотекабанк муаммоли кредитлар ҳажмини 1,2 триллион сўмга, Капиталбанк эса 1,1 триллион сўмга камайтирган. Муаммоли кредитларнинг умумий ҳажмида давлат банклари улушининг юқорилиги банк тизимида кредит портфелининг сифати ва қарзларни ўз вақтида қайтариш масаласи долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Айниқса, айрим банкларда муаммоли кредитлар ҳажмининг бир йилда сезиларли даражада ошгани кредит ажратишда қарз олувчининг молиявий имкониятларини баҳолаш, кредит таваккалчиликларини бошқариш ва берилган маблағларнинг қайтарилишини назорат қилиш механизмларига янада жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, айрим банкларнинг муаммоли кредитлар ҳажмини сезиларли камайтиргани кредит портфелини соғломлаштириш, қарздорликни ундириш ва кредит таваккалчиликларини бошқариш бўйича чора-тадбирлар самара бераётганини англатади.
Муҳими, муаммоли кредитлар миқдори нафақат банкларнинг молиявий барқарорлиги, балки аҳоли ва тадбиркорларни кредитлаш имкониятлари ҳамда банк тизимидаги рискларни бошқариш сифати учун ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА