
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда юридик шахсларга банк хизматлари кўрсатиш сифатини ҳар томонлама таҳлил қилди. Тадқиқотда корпоратив мижозларга банк хизматлари кўрсатишнинг асосий жиҳатлари, жумладан, кредитлаш, тўлов ва депозит хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш даражаси таҳлил қилинди.
Тадқиқот натижаларига кўра, корпоратив мижозлар банк танлашда биринчи навбатда тавсияларга, хизмат кўрсатиш сифати ва банкнинг обрўсига эътибор қаратади. Банк хизматларидан умумий қониқиш даражаси нисбатан юқорилигича қолмоқда. Мижозларнинг 85,8 фоизи банклар фаолиятини ижобий баҳолаган. Эътиборли томони, “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг 86,8 фоизи кўрсатилаётган хизматлар сифатини қониқарли баҳолашган.
Молиявий хизматлардан қониқмаган компаниялар фикри ўрганилганда респондентларнинг 35,5 фоизи пул ўтказмалари, 58 фоизи кредит хизматлари, 25,8 фоизи тўлов амалиётлари, 16 фоизи конверция, 6,5 фоизи депозит хизматларини такомиллаштириш зарур деб ҳисоблайди. Тўлов афзалликлари таҳлилида корпоратив мижозлар орасида нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш барқарор тенденцияга айланаётгани маълум бўлган. Ўртача ҳисобда сектор мижозларининг 40,2 фоизи тўловларни тўлиқ нақдсиз шаклда амалга оширади, 48 фоизи эса нақд ва нақдсиз тўловларни биргаликда қўллайди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” мижозлари орасида рақамли тўловлардан фойдаланаётганлар кўп. Хусусан, мижозларнинг 41,5 фоизи нақд пулсиз тўлов усулини афзал кўради. Нақд тўловларни хоҳловчилар улуши атиги 8,7 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич банк сектори бўйича ўртача даражадан паст ҳисобланади.
Кредитлаш соҳасига оид таҳлилларда аниқланишича, тадқиқотда қатнашган корхоналарнинг тахминан 68 фоизи банк кредитларидан фойдаланмаяпти. Бу эса кредитлаш йўналишида ҳали ҳам фойдаланилмаган салоҳият борлигидан далолат беради. Кредитлардан фойдаланаётган мижозлар орасида “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг 35 фоизи жозибадор шартларни қайд этди. Бу кўрсаткич тармоқ бўйича ўртача даражадан юқори. Шунингдек, 10 фоиз мижозлар кредитларни онлайн расмийлаштириш имкониятини ижобий баҳолаган.
Рақамли каналларнинг жадал ривожланишига қарамай айрим корпоратив мижозлар ҳали ҳам операцияларни банк филиаллари орқали амалга оширмоқда. Шу билан бирга, респондентларнинг 60,6 фоизи кредит тўлашда интернет-банкинг хизматидан фойдаланишни маъқул кўрган. 95,4 фоизи эса буни қулай восита деб баҳолаган.
Депозит маҳсулотларидан ҳозирча фақат чекланган миқдордаги компаниялар фойдаланмоқда. Жами сўровда иштирок этганларнинг 12,3 фоизи маблағларини ўзларига хизмат кўрсатадиган банкка жойлаштирган. Компанияларнинг депозитларни бошқа банкларда жойлаштириш сабаблари сифатида эса юқорироқ фоиз ставкалари ва рақамли инструментларнинг қулайлиги қайд этилган. Бу эса банкларнинг депозит таклифларини янада рақобатбардош қилиш зарурлигини кўрсатади.
Тўлов ва валюта хизматлари сегментида “Ўзсаноатқурилишбанк” барқарор позицияларни сақлаб турибди. Валюта конвертацияси учун банкни танлаш омилларини баҳолашда мижозларнинг 30 фоизи банкнинг ишончлилигини, 29 фоизи қулай курсни, яна 29 фоизи хизмат кўрсатишнинг юқори тезлигини қайд этган.
Банк хизматлари сифатини баҳолаш доирасида ўтказилган таҳлиллар натижалари банкларда хизмат кўрсатишни ташкил этишдан қониқишнинг юқори эканлигини кўрсатмоқда. Шундай қилиб, респондентларнинг 89 фоизи хизматлар белгиланган муддатда амалга оширилаётганини таъкидлаган бўлса, 92,7 фоизи хизмат кўрсатишнинг тезкорлиги ва сифатини баҳолаган, 88 фоизи комиссия йиғимларининг адолатли эканлигига ишонч билдирган.
Банк ходимларининг касбий фазилатлари ҳам юқори баҳоланган. Хусусан, сўровда қатнашганларнинг 87 фоизи ходимларнинг малакаси юқорилигини, 86 фоизи хушмуомалалигини, 82,7 фоизи берилган маслаҳатларнинг сифати юқорилигини қайд этган. Шу билан бирга, 85,8 фоиз респондентлар банк маҳсулотлари турлари кенг қамровли эканини таъкидлаган.
Тадқиқот натижаларига кўра, банк секторида рақамли хизматлар даражаси етарли бўлиб, бизнес учун инфратузилма барқарорлиги таъминланган. Жумладан, корпоратив мижозларнинг 86,3 фоизи банк мобил иловасидан фойдаланиш қулайлигини қайд этган. Корхоналар вакилларининг 87,7 фоизи банкоматларнинг ишончлилигини тасдиқлаган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон банк секторида корпоратив мижозлар эҳтиёжларига мослашиш борасида муайян ютуқларга эришилган. Кредит маҳсулотлари, депозитлар ва рақамли хизматларда аниқланган чекловлар тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун бундан ҳам самаралироқ ишлаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА