Банк тизимининг жами кредит қўйилмалари 629,0 трлн. сўмни ташкил этмоқда
Марказий банк маълумотига кўра 2026 йил 1 май ҳолатига, банк тизимининг жами кредит қўйилмалари 629,0 трлн. сўмни, депозитлар ҳажми эса 444,4 трлн. сўмни ташкил этди. Биринчи қарашда молиявий кўрсаткичлар барқарор ўсиб бормоқда. Бироқ ушбу рақамларни ҳудудлар кесимида чуқурроқ таҳлил қилсак, иқтисодиётимизнинг трансформация жараёнига оид бир қанча муҳим хулосалар юзага чиқади.
Энг кўзга ташланадиган жиҳат, Тошкент шаҳрининг мутлақ устуворлигидир. Республикадаги жами кредитларнинг қарийб 46 фоизи (290,0 трлн. сўм) ва жами депозитларнинг 76 фоиздан зиёди (341,1 трлн. сўм) айнан пойтахт ҳиссасига тўғри келмоқда.
Тошкент шаҳридан кейинги энг йирик кредит портфеллари Фарғона (36,4 трлн. сўм), Самарқанд (32,3 трлн. сўм), Тошкент вилояти (29,7 трлн. сўм) ва Қашқадарё (29,4 трлн. сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ушбу вилоятлар мамлакатнинг йирик демографик ва иқтисодий нуқталари ҳисобланади. Фарғонадаги тўқимачилик ва кичик бизнес, Самарқанддаги туризм ва сервис, Тошкент вилоятидаги йирик саноат хаблари банк маблағларини фаол ўзлаштирмоқда. Кредит ҳажмининг юқорилиги мазкур ҳудудларда янги қувватлар ишга тушаётгани ва ишлаб чиқариш кенгаяётганидан далолат.
Марказий банк ҳисоботидаги энг диққатга сазовор маҳсулдор йўналишлардан бири — аҳолига ажратилган кредитлар улуши бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида жисмоний шахсларнинг кредитлари умумий портфелнинг ярмидан кўпини ташкил этмоқда.
Бу ҳолат икки томонлама аҳамиятга эга. Бир томондан, бу ҳудудларда чакана банк хизматлари (ипотека, автокредит, микроқарзлар) фаол ривожланиб, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Иккинчи томондан эса, мазкур ҳудудларда йирик саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳалари (бизнес кредитлари) етарли даражада эмаслиги, иқтисодиёт кўпроқ истеъмол моделига суянаётганини кўрсатади.
Аҳоли омонатлари таркибида пойтахтдан кейин Хоразм (10,4 трлн. сўм), Бухоро (9,9 трлн. сўм) ва Самарқанд (8,3 трлн. сўм) вилоятлари олдинги ўринларда.
Хоразм ва Бухоро каби вилоятларда аҳоли омонатларининг юқорилиги — маҳаллий аҳолининг банк тизимига бўлган ишончи юқорилигидан ташқари, туризм ва ташқи даромадлар (трансчегаравий пул ўтказмалари) ҳисобига эркин нақд пул маблағлари шаклланаётганини англатади. Бу жамғармалар иқтисодиёт учун муҳим инвестиция манбаидир..
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА