Банк мижозлари билан очиқ мулоқот
“Ипотека банк” АТИБ Наманган вилояти филиалида банк мижозлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
“Ипотека банк” АТИБ Наманган вилояти филиалида банк мижозлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, хусусан, экспортчи корхоналар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилган тадбирда “Ипотека банк” АТИБ бошқаруви раисининг ўринбосари М.Абдураҳмонов тадбиркорлар билан банк ва мижоз муносабатлари, ҳар икки томон учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектларини давр билан ҳамқадам ривожлантиришга доир масалалар ҳақида суҳбатлашди.
– Асосий мақсад банкимизнинг хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини оширишдир, – деди М.Абдураҳмонов. – Банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар, банк билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бераётган муаммо ва қийинчиликлар, уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар, амалий аҳамиятга эга таклифлар бу борадаги камчиликларимизни тугатишда, келгусидаги вазифаларимизни белгилаб олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Мулоқотда бир қатор тадбиркорлар томонидан кредит, хориждан ишлаб чиқариш технологияларини келтиришни молиялаштириш каби масалаларда уларни қийнаётган муаммолар ўртага ташланди.
– Мен ўттиз йилдан буён “Ипотека банк” мижозиман, – дейди “Порлоқ мусаффо” МЧЖ раҳбари С.Ғаниева. – Шу давр мобайнида фаолиятимни банк кредити ёрдамида кенгайтириб келяпман, кўп марта кредит олиб, уни ўз вақтида қайтарганман. Илгари “Ишончли мижозга – ишончли кредит” деган имтиёзли кредит ажратмалари бўлар эди. Бугунги кунда шу нарса йўқ. Корхонамизга махсус кийим-бош тикиб бериш бўйича кўплаб буюртмалар тушмоқда. Аммо, чекланган ишлаб чиқариш қуввати туфайли буюртмаларни қабул қилмаяпмиз. Кредит олиб қўшимча дастгоҳлар келтирай десам, ҳали тўлаб тугатилмаган кредитимиз бор. Агар “Ишончли мижозга – ишончли кредит” йўналиши яна йўлга қўйилса, бундан фойдаланиб биз яна фаолиятимизни кенгайтиришимиз мумкин. Қолаверса, бундай кредит тадбиркорлар учун тўлов интизомига риоя қилишда ўзига хос рағбат бўлиб хизмат қилар эди.
Тадбиркорлар томонидан ўртага ташланган таклифлар, муаммоларнинг ечими бўйича фикр-мулоҳазалар жамланиб тегишли тартибда кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган бўлди.