Банк хизматлари кўргазмаси
Навоий вилоятида 2015 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан 501 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган. Касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг тадбиркорлик лойиҳалари учун ажратилган кредитлар ҳажми қарийб 18 миллиард сўмни ташкил этди.
Навоий вилоятида 2015 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан 501 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган. Касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг тадбиркорлик лойиҳалари учун ажратилган кредитлар ҳажми қарийб 18 миллиард сўмни ташкил этди.Навоийда ўтказилган банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари ҳудудий “BankExpo – 2016” миллий кўргазмасида бу алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари фаолияти, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар, тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Кўргазма давомида банк ходимлари ва мутахассислар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга бизнес-режа тузиш, банк кредитларидан фойдаланиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.
Тижорат банклари томонидан вилоятда фаолият юритаётган 63 тадбиркорлик субъекти, микрофирма ва фермер хўжаликлари ҳамда ўз бизнесини бошлаётган таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Кармана саноат касб-ҳунар коллежини битириб, тадбиркорликни бошлаш ниятидаман, – дейди Суҳбат Асадов. – Чорвачиликни ривожлантириш, хусусан, гўшт етиштиришга мўлжалланган бизнес лойиҳам қўллаб-қувватланиб, “Ипотека банк”нинг вилоят филиалидан 6 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлдим. Бу маблағ бизнес фаолиятимни бошлаш ва 2 нафар тенгдошимни иш билан таъминлаш имконини беради. Биз, ёшлар учун барча шароитларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.