Бангладеш элчиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Аъламни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот берди.
Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон - Бангладеш ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда алоқаларни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Бангладешнинг БМТ ва бошқа кўп томонлама институтлар доирасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Бангладеш томони билан тўқимачилик соҳасида шерикликни фаоллаштириш зарурлиги эътироф этилди. Хусусан, Бангладеш йирик компанияларининг Ўзбекистонда, жумладан, ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ҳудудида тўқимачилик кластерлари ташкил этишдаги иштироки, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қўшма инвестиция лойиҳалари амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари, Савдо-саноат палаталари, тўқимачилик уюшмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.
Томонларнинг Ўзбекистон - Бангладеш ишбилармонлар кенгаши биринчи мажлисини яқин вақт ичида ўтказиш масаласини ўрганиш ниятида эканлиги маълум қилинди.
ЎзА