Бангкокда жонивор ўғрилари ушланди
Таиланд божхоначилари қизил панда ва яна бир неча ўнлаб ҳайвонларни ноқонуний равишда мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган олти нафар Ҳиндистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда BBC ёзган.
Божхона маълумотига кўра, кўз остига олинган 87 бош жонивор орасида илон, тўтиқуш, калтакесак ҳам бор.
Гумонланувчилар “кўчма ҳайвонот боғи”ни Мумбайга учаётган самолётга олиб ўтмоқчи бўлишган.
Омадсиз контрабандачилар айбланса, 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мутахассислар сомон саватидаги қизил панда, шунингдек елим идишга солинган тўтиқуш суратини эълон қилди. Қонунбузарлар илонларни алоҳида-алоҳида зиғир халтага жойлаштирган.
Жаҳон қора бозорида сотиладиган ҳайвонларнинг салмоқли қисми Таиланд орқали, одатда Хитой ва Вьетнамга жўнатилади. Сўнгги йилларда Ҳиндистонга ҳам жуда кўп жонивор олиб ўтилган.