Бандлик ва даромад — устувор йўналиш
Гулистон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар давомида йил бошида аниқланган 1 400 нафардан ортиқ ишсиз фуқаронинг 967 нафари доимий иш ва барқарор даромад манбалари билан таъминланди. Бу ҳақда Гулистон тумани маҳаллалар уюшмаси биносида “Иш ўринлари ва даромад: аҳоли фаровонлиги учун нималар қилинмоқда?” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Матбуот анжуманида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, маҳаллаларда ўтказилган хатловлар асосида ишсиз ва даромад манбаи етарли бўлмаган фуқароларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, уларни бандликка жалб этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, субсидиялар ажратиш, имтиёзли кредитлар бериш ҳамда ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали аҳолининг иқтисодий фаоллиги оширилмоқда.
Матбуот анжуманида маҳаллаларнинг иқтисодий ихтисослашувидан келиб чиқиб кредит маблағларини йўналтириш амалиёти ҳам ўз самарасини бераётгани қайд этилди. Жумладан, “Соҳилобод” маҳалласида балиқчилик, “Шарқ ҳақиқати” маҳалласида эса чорвачилик йўналишлари ривожлантирилиб, бу орқали янги иш ўринлари яратилмоқда ва аҳоли даромадлари оширилмоқда.

Шунингдек, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилган ишлар ҳам ижобий натижалар бермоқда. Хусусан, “Аҳиллик” маҳалласида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолияти йўлга қўйилиб, 5 та янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, мазкур маҳаллада ишсизлик муаммоси тўлиқ бартараф этилди.
Маҳаллада аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган инфратузилма лойиҳалари ҳам амалга оширилди. Жумладан, 2 та суғориш қудуғи қазилиши натижасида 420 та хонадоннинг оқова сув билан боғлиқ муаммоси ҳал этилиб, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Матбуот анжумани давомида журналистлар томонидан бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда маҳаллаларни иқтисодий ривожлантиришга оид қатор саволлар берилди. Мутасаддилар уларга атрофлича жавоб беришиб, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири