Бандихондан камбағаллик ва ишсизлик чекинади
Президент ташрифидан сўнг
Президентимиз жорий йилнинг 26-27 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳанинг камбағаллик даражасини 2,8, ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаб, “Ижтимоий реестр”даги одамларни камбағалликдан чиқариш учун уларнинг аниқ даромад манбаини яратишда яна бир Сурхондарё тажрибаси жорий этилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ғояси билан бу тажриба Бандихон туманидан бошланди. Тумандаги 22 та маҳалланинг ҳар биридан “Ижтимоий реестр”да турган бир нафардан ишсиз кишига Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида 20,6 миллион сўмгача ссуда ажратилиб, мототранспорт воситаси олиб берилди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда туманнинг камбағаллик даражаси 2,8 фоизни ташкил этаётган бўлса, йил якунида бу кўрсаткични 1,9 фоизга тушириш режалаштирилган. Бунинг учун мавжуд ер майдонларидан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, хизматлар кўрсатиш тармоқларини ривожлантириб, қўшимча иш ўринлари яратиш каби вазифалар белгилаб олинган.
– Фаровон маҳалласида яшайман, – дейди вақтинча ишсиз Назир Қурбонов – Бугун аниқ даромадга эга ишли бўлдим. Бу мототранспорт билан аҳолига хизмат кўрсатиб, оиламга даромад олиб келаман. Томорқаларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини деҳқон бозорларига олиб бориб бераман. Бир кунда 100 минг сўмдан ортиқ тоза даромад топсам ҳам ойига уч миллион сўмдан ошади. Ҳеч кимдан кам бўлмаймиз. Рўзғоримиз бут бўлади.
Бу тажриба вилоятнинг барча туманларида оммалаштирилиб, бошқа ҳудудларда ҳам марказлашган кичик логистика нуқталарини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Логистика марказларидаги мототранспорт воситалари билан аҳолининг томорқа хўжаликлари ва ижарага олинган ер майдонларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларга қулай нархларда етказиб бериш йўлга қўйилади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, замонавий ва қулай мототранспортга эгалик қилган ишсиз кишилар бир кунда ўртача 100 минг сўмдан 300 минг сўмгача, бир ойда эса 3 миллион сўмдан 9 миллион сўмгача даромад топади. Ишсизлик чекиниб, “Ижтимоий реестр”даги хонадонлар тўкин ҳаёт кечиради.
Ўтган йил вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 60 минг оиланинг 274 мингдан ортиқ аъзоси камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 4,5 фоизга, 440 минг кишининг бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 5,6 фоиздан 4,9 фоизга туширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири