“Балли аёллар” кўрик-танлови ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар оилаларини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда миллий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида “Мен намунали ҳарбий оила бекасиман” шиори остида “Балли аёллар” кўрик-танловининг округ босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов ҳарбий оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, оила институтини қадрлаш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда. Унда округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари фаол иштирок этди.
Кўрик-танловнинг асосий мақсади ҳарбий хизматчилар оилаларида ўзаро ҳурмат, садоқат ва меҳр-оқибат муҳитини кучайтириш, оила бекаларининг маънавий, маърифий ва ижодий салоҳиятини намоён этишдан иборатдир. Шунингдек, иштирокчиларнинг пазандалик, ҳунармандчилик, саҳна маданияти, болалар тарбияси борасидаги тажрибаларини оммалаштириш ҳам муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди.
Иштирокчилар ўз оиласи, турмуш тарзи ва қадриятлар ҳақидаги “Таништирув”, урф-одат ва анъаналарни ўзида жамлаган “Миллий қадриятлар – оилам кўзгуси”, пазандалик ва амалий санъат йўналишларида “Маҳоратли бека”, ҳамда “Заковат ва топқирлик” шартлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.
Тадбир давомида миллий либослар жилоси, қадимий анъаналаримизга хос урф-одатлар, меҳмондўстлик санъати кенг намойиш этилди. Иштирокчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати асосида яратилган каштачилик ва ҳунармандчилик намуналари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, саҳна кўринишлари ва ижодий чиқишлар орқали ҳарбий оила бекаларининг иқтидор ва ташаббускорлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Айниқса, фарзанд тарбияси, оилавий қадриятлар ва ватанпарварлик мавзусидаги чиқишлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан энг муносиб иштирокчилар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолибликни қўлга киритган оила бекаси танловнинг вазирлик босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.