Балиқчилик: харажат камайиб, ҳосилдорлик ошди
Бугунги кунда Фарғона бозорларида бир килограмм балиқ ўртача 8-10 минг сўмдан сотилмоқда. Албатта, мазкур нарх юртдошларимизга маъқул бўлаётир.
Фарғона вилоятида жорий йилда 35 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган бўлиб, тўрт юздан зиёд мазкур тармоққа ихтисослашган хўжаликларда парҳез маҳсулот аҳоли дастурхонига тортиқ қилинмоқда.
Мамлакатимизда балиқчиликнинг ривожланиши озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш баробарида, аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради. Бугунги кунда Фарғона бозорларида бир килограмм балиқ ўртача 8-10 минг сўмдан сотилмоқда. Албатта, мазкур нарх юртдошларимизга маъқул бўлаётир.
Кейинги йилларда балиқчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилган ҳамда балиқ етиштирувчи тадбиркорларга бир қатор имконият ва имтиёзлар берилган. Жумладан, балиқчилик кластерларининг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда улар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилган. 2020-2022 йилларда интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилмоқда.
Вилоятда балиқчилик йўналишида қарийб ўттизга яқин янги лойиҳа ишга туширилаётир. Хусусан, Ёзёвон туманида балиқчилик хўжаликлари 72 тага етказилди. Ихтисослашган фермер хўжаликлари тасарруфидаги 2 минг 371 гектар ҳавза майдонларида харидоргир балиқлар етиштирилмоқда. Жорий йилнинг ўзида туманда интенсив усулда балиқ етиштиришни мақсад қилган 3 та лойиҳа ташаббускорларига 3,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
“Ибраҳимов Достон файз” фермер хўжалиги томонидан балиқчилик кластери ташкил этилиб, истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу ерда балиқ етиштиришнинг интенсив ва ярим интенсив усулидан самарали фойдаланилмоқда. Интенсив технология қулай усул бўлиб, келажакда фермерлар даромади янада ошиб боришини таъминлайди. Балиқчилик кластери тасарруфида 0,5 гектар интенсив, 10 гектар ерда ярим интенсив усулда сунъий кўл ташкил этилди.
Хитой технологияси асосида сув ҳавзаларини кислород билан таъминлайдиган илғор ускуналар келтирилиб, интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштиришнинг дастлабки жараёнлари йўлга қўйилди. “Ипотека банк”нинг Фарғона вилояти филиали томонидан 750 миллион сўм кредит ажратилиши ҳисобига Хитойдан замонавий технологиялар олиб келиниб, консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тайёрланган бизнес-режа якунига етказиляпти. Шунингдек, музлатгичли омборхоналар ташкил этиш орқали балиқни узоқ муддат сақлаш ва ярим тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирги кунда балиқчилик кластери тасарруфида омухта ем ишлаб чиқариш, балиқ пишириб сотиш, ярим тайёр маҳсулот сифатида умумий овқатланиш шохобчаларига етказиб бериш фаолиятини қўшимча даромад манбаи сифатида эътироф этиш мумкин.
– Хитой технологияси асосида интенсив усулда етиштирилаётган Африка лаққа балиғи, карп туридаги балиқларни етиштирмоқдамиз, – дейди кластер раҳбари Эркинжон Иброҳимов. – Бунинг натижасида харажат анча камайди, ҳосилдорлик эса ошмоқда. Ярим гектар кўлда ҳозирчалик 30-40 тонна парҳез маҳсулот олиш мумкин. Шунингдек, унинг таннархи ҳам анча арзон. Ҳозирда ушбу маҳсулотимиз халқимиз дастурхонига тақдим этилмоқда. Келажакда уни экспорт қилиш ҳам мўлжалланган.
