Балиқчилик: имтиёз ва имкониятлар самараси
Бухоро вилоятида балиқчилик хўжаликлари учун 37,3 минг гектар ер майдони ажратилган.
Шундан 33,3 минг гектаридан фойдаланилмоқда. Ҳудудда 4,4 минг гектар ер майдонида интенсив балиқчиликни ташкил этиш ҳисобидан 20 минг тонна «луқмаи ҳалол» етиштириш кўзда тутилган. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ аҳоли хонадонида ёпиқ айланма сув тизими орқали 6,8 минг тонна, сунъий сув ҳавзаларида 14,6 минг тонна, табиий сув ҳавзаларида 5,1 минг тонна ҳамда табиий ҳавзаларда қафас усулида 1,5 минг тонна, жами вилоят бўйича 48 минг тонна балиқ етиштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Берилган имтиёзлар туфайли вилоятда 2021 йилда балиқ етиштирувчи хўжаликлар сони 349 тага етди. Балиқ етиштириш миқдори 24,7 минг тоннани ташкил этди. Вилоят аҳолисининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб 2022 йилда 5 минг 500 та хонадонда 177,4 миллиард сўмлик кредит сармояси ҳисобига балиқ етиштириш ва шу мақсадда 2 минг 400 дона аэратор ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳозирда вилоятда 2 та балиқчилик кластери фаолият кўрсатмоқда. Қўшимча 3 та балиқчилик кластери ташкил этиш режалаштирилган.
Президентимиз томонидан 2021 йил 20 декабрь куни балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган селектор йиғилишда балиқчиликни янада ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, мавжуд ҳавзалар имкониятларидан самарали фойдаланиш, интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда балиқчилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор топшириқлар берилди. Балиқчилик хўжаликларига бир қатор имтиёз ва имконият бериш орқали уларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.
Жорий йил 1 апрелидан бошлаб 2025 йил 1 январига қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратилади. Жорий йил 1 январидан бошлаб «Ҳар бир оила – тадбиркор» давлат дастури доирасида интенсив усулда аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш бўйича ажратиладиган кредит миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 300 бараваригача оширилди.

Бу миқдор 80 миллион сўмгача, йиллик 14 фоиз ставкада белгиланди. Аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш учун асбоб-ускуна ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналарга 2025 йил 1 январига қадар сотилган ускуналарнинг 25 фоизи миқдорида субсидия ажратилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан юқори сифатли балиқ омихта емини ишлаб чиқарувчиларга улар харажатларининг 30 фоизини қоплаш учун субсидия ажратилмоқда. Кооперация асосида йилига 80 тоннадан кўп балиқ етиштиришни йўлга қўйган кластерлар 2022 йил 1 январдан бошлаб уч йил давомида қўшилган қиймат солиғидан ташқари, барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, балиқ етиштирувчи хонадон эгалари ер ва мол-мулк солиғидан озод этилди.
Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги «Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорига мувофиқ балиқчилик хўжаликларига интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосось, форель ва осётр) нинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм, қолган турдаги балиқлар учун минг сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилаётгани катта имкониятдир. Натижада 2021 йилда «Бухоробалиқ» МЧЖ балиқчилик кластерида умумий қиймати 1,3 миллиард сўмга тенг, 1,3 минг тонна балиқ етиштирилган. Бу жараёнда Шофиркон туманидаги “Fish klaster Bukhara” МЧЖ да қиймати 637 миллион сўмга тенг 900 тонна балиқ етиштирилган. Шу тумандаги «Нутфулло мураббий» МЧЖ да эса 50 тонна балиқ етиштирилгани, бу хўжаликларга белгиланган тартибда субсидия маблағи ажратилаётгани ҳам эътиборга молик.

IБундан ташқари, 2021йилда балиқчилик хўжаликларидаги ер ва сув майдони қайта хатловдан ўтказилди. Ширин сув билан таъминлаш чоралари кўрилди. Жараёнда 86 та балиқчилик хўжалиги фаолияти қайта тикланган. Улар банк кредитлари билан қўллаб-қувватланаётгани ҳам катта ютуқ, албатта. Балиқчилик хўжаликларини доимий тўйимли озуқа билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Натижада йил давомида 6,8 минг тонна балиқ озуқаси балиқчилик хўжаликларига етказилди. Вилоятда мавжуд 1 минг 182 гектар сунъий сув ҳавзасидан 245 гектар майдон интенсивлаштирилди. Уларга жами 980 та аэратор ўрнатилди. Интенсивлаштирилган сув ҳавзаларда етиштирилган балиқ маҳсулотига давлат томонидан 2,3 миллиард сўмлик субсидия ажратилди.
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида қиймати 16 миллиард 600 миллион сўмга тенг имтиёзли кредит ресурслари ажратилди. 473 та аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш ташкил этилди.
Зариф Комилов, ЎзА