"Балиқчи" нинг ови бароридан келмади
Сардоба туманида ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланди. Навбатдаги назорат-рейд тадбири давомида экология ходимлари томонидан “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида табиат қонунчилигини қўпол равишда бузиш ҳолати фош этилди.
Маълум бўлишича, фуқаролардан бири тақиқланган ов қуроли — тўр ёрдамида 6 дона оқ дўнгпешона балиғини ноқонуний равишда овлаган. Ҳолат жойида далиллар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар суд органларига юборилди. Табиатга етказилган зарар миқдори 24 миллион 720 минг сўм этиб ҳисобланди.
Мутахассислар таъкидлашича, оқ дўнгпешона балиғи сув ҳавзалари экотизимида муҳим ўрин тутади. Уларнинг ноқонуний овланиши табиий биохилма-хилликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис тақиқланган ов қуролларидан фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
– Сув ҳавзаларида биоресурсларни муҳофаза қилишга қаратилган рейд тадбирлари мунтазам равишда давом эттирилмоқда, – дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов. – Табиат ҳам инсон каби — у ҳам эътибор ва меҳрни ҳис этади. Шу боис ҳар бир фуқаро қандай шароит бўлишидан қатъи назар, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши керак. Бу борада мунтазам тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз. Бироқ табиатга беписанд муносабатда бўлаётганлар ҳам учраб турибди. Қонун — устувор, бундай ҳолатларга бефарқ қараб туролмаймиз.
Акс ҳолда, “осон ўлжа” ортидан қувган балиқчи каби, ов бароридан келмаслиги, балки жиддий молиявий жарима ва ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири