Балиқ етиштиришга эътибор кучайтирилмоқда
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини сифатли оқсил манбалари билан барқарор таъминлаш борасида балиқчилик тармоғи муҳим ўрин тутмоқда. 2025 йил якунларига кўра, республика бўйича барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 206 минг 211 тонна балиқ етиштирилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 3,4 фоизга кўпайгани соҳада изчил ўсиш таъминланаётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида Жиззах вилоятида 12 минг 485 тонна балиқ етиштирилиб, тармоқда барқарор динамика қайд этилди. Мазкур натижа сунъий сув ҳавзаларини кенгайтириш, интенсив парвариш усулларини жорий этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чоралари самараси бўлмоқда.
Соҳадаги ислоҳотлар Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 18 августда қабул қилинган “Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида янада жадаллашди. Ҳужжатга мувофиқ, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, балиқ овлаш инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳада туризм имкониятларини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилган.
Жиззах вилоятида мазкур қарор ижроси доирасида янги сув ҳавзалари ишга туширилмоқда, интенсив технологиялар асосида ишловчи хўжаликлар сони ортиб бормоқда. Қайта ишлаш қувватларини йўлга қўйиш орқали қўшимча қиймат яратиш, ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илмий ёндашув ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш Жиззах вилоятининг балиқчилик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу эса нафақат иқтисодий ўсиш, балки аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим омилдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири