Балиқ етиштириш сердаромад соҳа
Онам ўқитувчи, ўттиз йил битта мактабда дарс берган. Ўн уч ёшимда дадам оламдан ўтди. Оилавий шароитимиз жуда оғир эди. Ёшлигимдан меҳнатнинг ичидаман. Энг катта хазинам — қўлимдаги ҳунарим...
Тадбиркор Аброр Нарзиевнинг ҳикояси унут бўлаётган тармоқлардан бирига айланган балиқчилик соҳасининг қайта тикланиши ва сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга назар ташлашга ундади.
– Ботқоқ, ўйдим-чуқур ерда балиқчилик кластерини ташкил қилдим, дейди Аброр Нарзиев. – Бу жойларни келиб кўрганлар қўрқиб, қайтиб кетишган. Уларнинг кўпчилиги сенинг бу режангни амалга оширишнинг асло иложи йўқ дейишган. Лекин мен қатъий ишонганман. Зеро, юртимизнинг ҳар қарич ери тиллога тенг. Ўтган йили бир гектар ердаги кўлдан 70 тонна балиқ олдим. Ҳар қандай ишга сидқидилдан ёндашилса, катта натижаларга эришиш мумкин. Масалан, ярим сотих жойда биз таклиф этаётган усулда 6 ойда 1 тоннаю 200 кг балиқ етиштириш мумкин. Бу 35 миллион сўм пул дегани.
Балиқчиликнинг ривожланиши озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш баробарида, аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон учун балиқни истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил этади. Бу кўрсаткич дунё миқёсида 1 киши учун 16,6 килограммдир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда балиқ гўшти кони фойда экан. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида кариес, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўлар экан.
Бугунги кунда мамлакатимизда 3 минг 800 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар балиқчилик фаолият билан шуғулланиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 августда қабул қилинган “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, балиқчилик соҳасига бир қатор имтиёзлар белгилаб берилди.
Мазкур қарорга мувофиқ узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавза майдонлари мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликлари босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилиб, балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди.
Соҳада фаолият олиб боришни истаган тадбиркор учун бугун барча эшик очиқ. Балиқчилик корхоналарини зарур техника воситалари ҳамда озуқа билан таъминлаш чораларининг амалга оширилиши, кўл ва сув ҳавзаларининг тадбиркорларга узоқ муддатга ижарага берилиши, имтиёзли шартлар асосида лизинг ва кредитлар ажратилиши туфайли балиқчилик хўжаликлари кўпайиб, маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз сув ҳавзаларида 70 турдан ортиқ балиқ турлари тарқалган бўлиб, уларнинг ичида ялангбалиқлар сони 10 тага етади. Янги тур Фарғона водийси Сирдарё ҳавзасининг тоғли минтақаларидан кашф этилган.
Ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида балиқ овлаш учун ов мавсуми очиқ. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил бошида республикамизда жами 144,1 минг тонна балиқ овланган.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон шароитида балиқнинг ҳамма турларини етиштирса бўлади. Фақат балиқ турини муҳитга қараб танлаш керак. Масалан, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё каби тоғли ҳудудлардан келиб, биздан тажриба ўрганишмоқда. Муздек тоғ сувида фарель ва лосось балиқлари тез катта бўлади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, балиқлар етиштириладиган ҳовузларни оҳаклаш, балиқлар касалликларини олдини олиш, сувни кальцийга бойитиш, мелиорация мақсадида ўтказиладиган мажмуавий биотехник усул саналади.
– Балиқ дунё барометри ҳисобланади, – дейди Жиззах вилояти Айдаркўл туманида фаолият олиб бораётган тадбиркор Элдор Абдуллаев. – Шу боис, ҳамиша унга бўлган қизиқиш кучли. Оиламизда ҳам тез-тез балиқ истеъмол қиламиз. Балиқ хўжалиги пок заминни талаб қилади, бир-икки йилда кутилган натижага эришиш мушкул.
Кучли витаминларни ва балиқ ейдиган ўтни ўз вақтида бериш керак. Астойдил ҳаракат қилган тадбиркор, албатта, меҳнатининг роҳатини кўради. Шу пайтгача балиқ боқиб камбағал бўлган тадбиркорни билмайман. Шунинг учун Президентимиз томонидан яратиб берилган шароитлардан фойдаланиб, астойдил ишлаш керак. Балиқ баракали, покиза ва ҳалол маҳсулот саналгани учун унинг асосига қурилган бизнесда ҳам барака ва унум бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА