Балиқчиликдаги муаммолар бартараф этиладими?
Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатда Айдар-Арнасой кўллар тизимида интенсив усулда балиқ етиштиришни ривожлантириш, кўллар ҳудудида табиий фаунани муҳофаза қилиш, балиқларнинг янги турларини етиштириш, балиқчилик кластерларини ташкил этиш, рухсатсиз балиқ тутишга қарши курашишнинг самарали механизмини жорий этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Айдар-Арнасой кўллар тизими юртимизнинг энг ноёб табиий сув ҳавзаларидан биридир. Мустақиллик йилларида юртимизнинг бу ноёб табиий ҳудудидаги биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг табиат ва табиат бойликларини сақлаш, улардан самарали фойдаланиш тўғрисидаги қонунлари асосида бир қатор ишлар амалга оширилди. Кўллар тизимининг фауна ва флорасини илмий асосда ўрганиш ва асраш, ундан халқимиз фаровонлиги йўлида самарали фойдаланишни йўлга қўйиш истиқболлари устида ишлар давом эттирилаётир.
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг Жиззах вилояти ҳудудида жойлашган 207 минг гектар сув сатҳида балиқ овланади. Аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жорий йилда 18 минг 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп балиқ етказиб берилиши кутилмоқда.
– Президентимизнинг мазкур қарори Айдар-Арнасой кўллар тизимининг табиий имкониятларидан янада самарали фойдаланишда муҳим ҳужжат бўлди, – дейди “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси директори Илҳом Бекмирзаев. – Кўллар тизимини ривожлантиришнинг истиқболлари, айни пайтда ва яқин йилларда амалга ошириладиган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Ҳозирги пайтда кўллар тизимини тўлиқ балиқлантириш имкониятига эга бўлган 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқ чавоқларини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида дирекциянинг автопарки шакллантирилди. Хусусан, кредит маблағлари ҳисобидан 3 та “ISUZU” автомашинаси, 1 та фронтал юклагич, 1 та бульдозер, 2 та “MAN” русумли автосамосвал ва 4 та трактор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги агрегатлари харид қилинди. Қўшимча равишда 3 та экскаватор, балиқ чавоқлари ва балиқларни ташиш учун махсус автомашина, музлаткичли юк автомобилига ҳам буюртма берилган.
Соҳада долзарб муаммолардан бири – балиқ чавоқлари етиштириш ҳисобланади. Ҳозирги кунда кўллар тизимини балиқлантириш учун 5,2 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Шунингдек, октябрь-ноябрь ойларида режадаги 7 миллион дона балиқ чавоқлари кўллар тизимига ташланади. Жорий йил якунига қадар режадаги 100 гектар сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Тўлиқ тизимли инкубация цехининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида бўлиб, йил якунига қадар шай ҳолатга келтирилади.
Эътиборлиси, интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш учун шу ернинг ўзида қафас мосламалари тайёрлайдиган ишлаб чиқариш цехи ҳамда Арнасой кўли атрофида 2 та, ҳар бирининг сиғими 25 метр куб бўлган балиқларни сақлаш музлаткичлари барпо этилди. Шунингдек, бу ерда Россия Федерациясининг “Тюмен судокомплект” заводидан келтирилган 2 дона катер учун бандаргоҳ қурилаётир.
Шу кунгача кўллар тизимида 477 та янги иш ўрни яратилган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида меҳнат қилаётган ишчилар сони 2 минг нафарга етказилиши режалаштирилган.
Маълумотларига кўра, балиқ овлаш доимий назорат қилиб борилмоқда. Табиий кўллар ва сув омборларига назорат постлари ўрнатилган. Балиқчилик хўжаликлари билан балиқ овлашда табиий мувозанатни сақлаш ва балиқ захираси тикланишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бироқ, кўрилаётган чораларга қарамай бу йўналишда амалга оширилган ишлар кутилган самарани бермаётир. Шу боис, қарорда юклатилганидек, истеъмол билан табиий захиралар миқдорининг номутаносиблиги экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келмаслиги учун кўплаб, илмий, техник, экологик, иқтисодий вазифаларни ҳал этишга тўғри келади. Аввало, балиқ овлаш техникаси ва технологияларнинг эскиргани бу табиий неъмат захираларини сақлаш ва кўпайтиришга жиддий таъсир қилаётгани ҳозирнинг ўзидаёқ сезилиб турибди.
Бунинг боиси кўлда фаолият олиб бораётган балиқчилик хўжаликларининг балиқ овлаш техникаси ва технологияси экологик, ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ жавоб бермайди. Балиқчилик қайиқлари, улар учун моторлар, эҳтиёт қисмлари, тўрлар етишмайди. Айрим хўжаликларда рухсат этилмаган синтетик тўқимали тўрлардан фойдаланилмоқда. Балиқ овлаш муддатлари ва меъёрларига риоя қилмаслик, рухсат этилмаган ов қуроллари ва воситаларидан фойдаланиш, броконерлик кўл табиатига зарар етказаётир.
Табиатга билиб-билмай зиён етказиш, унинг бойликларидан хўжасизларча фойдаланиш, ўз манфаати учун мамлакатимиз қонунларини бузиш ҳоллари ҳам шу ерда содир этилмоқда. Президентимиз қарорида ушбу масалалар бўйича амалга ошиши зарур бўлган вазифаларга алоҳида эьтибор қаратилгани боиси ҳам шунда.
Албатта, барча соҳада бўлгани каби балиқчилик тармоғида ҳам ишнинг муваффақияти мутахассис кадрларга боғлиқ. Шу мақсадда Арнасой транспорт ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ихтиолог-балиқчилик йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланаётир. Бу, албатта, ўз самарасини беради.
Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.