Бахмалда боғлар, узумзорлар кенгаймоқда
Аммо бу табиий шарт-шароитлар барча замонларда ҳам ҳисобга олинавермаган.
Қарор ва ижро
Жиззах вилоятининг мева узум ва сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилган Бахмал туманида жорий йилда 1 минг 800 гектар майдонда боғ, 1 минг гектар ерда токзор барпо этилиб, 670 гектар майдонда сабзавот етиширилаётир.
Президентимиз 23 июль куни қишлоқ ва сув хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида туманларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштиришга алоҳида эътибор қаратди.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни ихтисослаштириш республикамизнинг тоғли ҳудудларидан бири бўлган Бахмал тумани учун ҳам катта аҳамиятга эга. Туркистон тоғ тизмалари этакларида жойлашган туман ҳудудидаги қишлоқларда қадимдан боғдорчилик равнақ топган. Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги янгича ёндашувлар туфайли ҳудуднинг бу табиий имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор яна кучайтирилмоқда.
– Агар қадимдан ота-боболаримиз қишлоқ хўжалигида ихтисослашувга қатъий амал қилиб келганлигини кўрсак, хўжалик юритишнинг бу усули халқ фаровонлигини оширишда нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ, – дейди кўп йиллар Бахмал туманидаги «Ойқор» боғдорчилик хўжалигини бошқариб келган, меҳнат фахрийси Абдуваҳоб, Абдувоҳидов. – Чунки аждодларимиз тирикчилик йўлида минг йиллар давомида изланиб, амалий тажрибалар, хулосалар асосида хўжалик юритишнинг тартиб-қоидаларини, қонуниятларини яратган.
Масалан, Бахмал, Зомин каби тоғли ҳудудларда қишлоқларнинг аксарияти қадамдан боғлари, Форишнинг тоғ қишлоқлари узуми, чўл ҳудудларида қоракўли, Ғаллаорол тумани, Жиззах шаҳри атрофида жойлашган қишлоқлар сабзавоти билан машҳур бўлган. Президентимизнинг қишлоқ хўжалигида ихтисослаштиришга бераётган эътибори туфайли, туманимизда амалга оширилаётган ишлардан одамлар мамнун бўлмоқда. Бу йўл фаровон элтувчи йўлдир.
Аммо бу табиий шарт-шароитлар барча замонларда ҳам ҳисобга олинавермаган. На илмий, на қадимий деҳқончилик асослари ҳисобга олинган, маъмурий буйруқбозлик билан иш юритилган тузумлар даврида кўпинча қишлоқ хўжалигида табиатнинг ўзгармас қоидалари эмас, юқоридан келадиган кўрсатмалар, режалар асосида иш юритилиб, қўпол хатолар қилинган.
Тоғолди ҳудудининг сернам, салқин иқлими боғдорчилик, сабзавотчилик учун ҳам жуда қулай бўлишига қарамай юқоридан келган режага асосан пахта, ғалла етиштирилган. Натижада ҳудудда ширкат хўжаликлар зарар билан ишлаган. Узоқ йиллар давом этган нотўғри режалаштириш асоратлари бугун аксарият тоғ қишлоқларида аҳоли даромадининг пастлигида, камбағаллар сони кўплигида сезилиб турибди.
Бугун давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида камбағаллар сонини камайтириш вазиафаси турибди. Шунинг учун ҳар бир ҳудудда шу ерда энг яхши ҳосил берадиган зироат турини экиш – қишлоқ аҳолиси даромадини оширишнинг ишончли йўли сифатида танлангани барчага маъқул келаётир.
– Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар
тўғрисида”ги қарори тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди, – дейди Бахмал тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Ўткир Каттабеков. – Ушбу қарор асосида туманда боғдорчилик, узумчилик, картошкачиликни ривожлантириш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган тармоқ режаси ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда. Туман ҳудудининг табиий-иқлим, тупроқ хусусиятлари, сув таъминоти, аҳолининг тарихий-анъанавий касб кўникмалари ҳисобга олиниб, мавжуд қишлоқларнинг 7 таси боғдорчиликка, 8 таси узумчиликка, 5 таси сабзавотчиликка, 3 таси картошка ва 11 таси дуккакли маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилди.
Боғдорчиликка ихтисослашган Қўшчинор, Бахмал булоқлари, Нушкент, Абдувоҳид Усанов, Турон, Сангзор, Тонготар қишлоқлари ҳудудида жами 6 минг гектар, шу жумладан, 2020 йилда 1 минг 800 гектар, 2021 йилда 2 минг 100 гектар ва 2022 йилда ҳам 2 минг 100 гектар боғ экилиши режалаштирилган. Айни пайтда боғ барпо этиш билан боғлиқ тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида 84 нафар ташаббускор томонидан 718 гектар майдонда боғ барпо этилди. 670 гектар майдонга сабзавот, 650 гектарга картошка, экилди. Кузда 1 минг 82 гектар боғ барпо этилиши мўлжалланган.
Узумчиликка, сабзавотчиликка, картошкачиликка, дуккакли экинлар етиштиришга ихтисослаштирилган қишлоқларда ҳам жорий йилга режалаштирилган ишлар тўлиқ уддаланди. Кўклам 473 гектар майдонда токзор барпо этилди. 670 гектарга сабзавот экинлари экилди. 1 минг гектар майдонга экилган дуккакли экинлар ҳосили йиғиштириб олинмоқда.
Айни пайтда ихтисослаштириш бўйича тармоқ режаси асосида келгуси йил учун ташаббускор тадбиркорлар аниқланиб, ер майдонлари, банк кредитлари ажратиш ишлари амалга оширилмоқда. Энг муҳими, давлатимиз қўллаб-қувватланишини амалда ҳис этаётган қишлоқ одамлари оиласи фаровонлигининг асоси бўлган бу ишларни катта иштиёқ билан амалга оширмоқда.