Баҳорги туризм мавсуми бошланди
Нукусда “Баҳорги туризм мавсуми бошланди: саёҳатга марҳамат!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Р.Зарикеев, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Кусекеев давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда туризм, хусусан, ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларга қўшимча шарт-шароит яратиш, ички туризмни ривожлантириш ва маҳаллий аҳолини саёҳатларга жалб қилиш мақсадида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларга қатор имтиёз, преференциялар тақдим этилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони республикада мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юртимизнинг диққатга сазовор жойлари маҳаллий ва чет эл сайёҳларига кенг тарғиб қилиб келинмоқда. Шулар қаторида, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ҳудуднинг ўзига хос томонлари, шу жумладан маданияти, миллий урф одатлари, тарихий ва замонавий туристик объектлари, моддий ва номоддий маданий мерос объектлари кенг омманинг эътиборига ҳавола этилмоқда. Оролбўйининг туристик салоҳиятни кенг ёритиш мақсадида бугунги кунга келиб кўп сонли хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлари учун инфо ва медиа-турлар ташкил этилмоқда.
Ташриф буюрган меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланиб бормоқда. Жумладан, ҳозирги вақтда 36 та туристик корхона, 68 та жойлаштириш воситаси, туристик синфга мансуб 17 та автобус, 9 та микроавтобус, 37 та йўл танламас автотранспорт воситаси, 25 та гид-таржимон, 10 дан ортиқ музей, 3 та театр, 2 та туристик ахборот маркази, хорижий ва миллий йўналишдаги умумий овқатланиш шохобчалари фаолият юритмоқда.
[gallery-1584]
Баҳорги туризм мавсуми бошланиши билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан тарихий-маданий туризм, археологик туризм, экотуризм, этнотуризм, зиёрат туризми, агротуризм, ёшлар туризми, аёллар туризми, кексалар туризми каби бир қатор туристик йўналишлар ишлаб чиқилмоқда. Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан ушбу йўналишлар бўйича батафсил маълумот берилди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Тадбирда Оролбўйининг туристик салоҳиятини намойиш этиш мақсадида маҳаллий ҳунармандлар, музей ва театрлар, туристик корхоналар маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА