Баҳордек ғанимат, қуёшдек мангу
Серзуғум қишни қувиб, баҳор келди. Яшариш фасли оналаримиздек меҳрибон, илиқ, тафти жуда ёқимли. Атроф бинафша ифорига тўлган.
Ойижоним – меҳрибоним, меҳр қуёшим, сирдошим, дилдошим, устозим ва энг яқин дугонам эдилар. Бинафша очилиши билан, гулларни бир тўп қилиб, териб уларга келтирардим. “Омонлик-сомонлик, бошимиз ҳеч кўрмасин ёмонлик”, деб кўкламнинг илк митти гулларини кўзларига суртар эдилар. Эл-юртга, оилалар, хонадонларга тинчлик ва омонлик тилаб дуолар қилардилар. Баравж ўсмалар энди қалдирғоч қошларингизни соғиняпти...
Кўпинча ёзишга ўтирсам, “Нималарни ёзаяпсан, мени ҳам ёзгин, мен ҳақимда ҳам ёзгин”, деб айтардилар. Афсус, ёзиш шу пайтга тўғри келибди, минг афсус!!!
Уруш тугаб, одамлар қалбида яхшилик, омонликка умидворлик, яқинларию жигарларини саломат кўриш истаги пайдо бўлган йилда туғилган эдилар. Оддий, серфарзанд, серташвиш, серюмуш оилада камолга етдилар. Иккита катта опа турмушга эрта учирма бўлиб кетгач, ака-укаларнинг кир-чири, ош-овқат, сингилларга қараш, рўзғордаги барча юмушлар, бувимга дастёрлик ўзларига қолиб кетди. Катта ҳовли, юмушлари ҳам шунга яраша – битмас-туганмас. Тушунишимча, кўпчилик ўзбек аёлларида бўлгани каби онажонимдаги меҳнатсеварлик, оддийлик, камтаринлик, ҳар бир неъматнинг қадрига етиш, шукроналик, сабр-қаноат, жонфидолик, куйди-пишди феъл-атворнинг илдизи айнан болалик йиллари, эҳтимолки, бувим билан бобомнинг тарбиясидан, ўша қаттиқ-қийин, оғир йиллар таъсиридан.

Аввал Тошкентдаги педагогика билим юртини, кейин эса Тошкент давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомладилар. Отам билан оила қуришди. Фарзандларни оқ ювиб, оқ тарадилар...
Қирқ беш йилми, балки эллик йил мактабда оддий ўқитувчи бўлиб ишладилар. Юзлаб, минглаб ўқувчиларга таълим бердилар. Кўча-кўйда, жамоат транспортида бирга юрганимизда “Ассалому алайкум, устоз!” деб қўлини кўксига қўйиб салом берганлар борки, ойижоним ўқитган собиқ ўқувчиларидан бири бўлиб чиқарди. Ойимдан ҳам аввал мен хурсанд бўлиб, шундай ҳалол, заҳматкаш устоз, муаллима онажоним борлигидан теримга сиғмай қувониб кетардим. Юзлаб, минглаб ўқувчиларингиз бугун жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаол меҳнат қилмоқдалар. Кимдир тадбиркор, бошқаси ўзингиздек педагог, қай бири муҳандис, биров мусиқачи, яна кимдир оддий ишчи. Ҳар не бўлганида ҳам, бир ўқитувчи зиммасида бўлган вазифани ҳалоллик билан виждонан адо этдилар. Шунинг ўзи эҳтимолки, муқаддас зиёратлар савобидан ортиқ эканини ҳамкасблари, отинойилар, яқинлару қариндошлар кўп марта эътироф этдилар.

Ойижоним бугун юртимизда устозларга бўлган эътиборга мудом ҳавас қилар эдилар... “Қани энди, мен ҳам мактабга бориб болаларга дарс берсам!” Аввалги пайтлардаги ўқитувчиларнинг янги қурилиш объектларида ишлаш, кўча-кўйни супуриш, пахта терими, яна бошқа педагог учун мутлақо дахли бўлмаган ишларга муттасил жалб этилишидек юмушларнинг оғир-енгилини бошларидан кўп ўтказган эдилар!
...Опам мустақил ҳаётга учирма бўлдилар. Бирин-кетин хонадонимиздаги ўғиллар уйланди. Онажоним оиладаги турли ташвишлар сабаб мактабдан бўшаб, уйда ўтиришга мажбур бўлдилар. Аслида хонадонга келин тушгач, уй-рўзғор юмуши анча енгиллашади, дейишади. Лекин бизда бунинг акси. Ташвишу юмушлар ортганидан ортганди... Қудаларига келинни ўқитишга ваъда бергандилар. Онажоним айтган ваъдаларининг устидан чиқдилар. Сўзларида турдилар. Келинлардан бири хонадонимизга келганидан буён ўқийди. Келинимиз – уч фарзанднинг онаси – ўқишга боши билан шўнғиган. Онамдайин мард, аҳдида турадиган, маърифатли қайноналар кўпайса юртнинг бахту иқболи кулади.

Меҳрибоним, меҳриқуёшим, мунисим, мушфиқим, камтарин, меҳрга зорим... Оққушдайин, пари-қушдайин учиб кетган муштипарим. Ўзларидан бошқа ҳамманинг, ҳамма неъматларнинг қадрига етар эдилар. Тупроқдан-да хокисор, баланд тоғлардан-да мағрур... Бу икки фазилат қандай қилиб бир инсонда уйғун бўлиши мумкин – ақлимга сиғдиролмайман. Одамлар билан муомала-муносабатда, хизмат вазифасига ёндашишда, ўқишда, ишда, ҳаётда доим ҳалол, тўғри бўлишга ундар эдилар. Келтирган китобларимни барини битта қўймай ўқир эдилар. “Кўзим хиралашиб кетаяптия”, деб яна ва яна мутолаага шўнғирдилар. Ўқиган китобларининг барида энди қоғоз тасмачалардан белгилар қолган. Мана Қуръон, “Мустажоб дуолар”, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Махтумқули, Ойбек, Ғафур Ғулом, Омон Матжон, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Рауф Парфи, Хайриддин Султон, Сирожиддин Саййид, Гулжаҳон Мардонова, эҳҳе қанча китоблар... Адабиётсеварларнинг устози, сўз санъатининг донишманди ва заҳматкаши Иброҳим Ғафуров ойнаижаҳон орқали кўринсалар, ўзлари қолиб, устозни дуо қилардилар “илоҳим, умрлари узоқ бўлсин!”...
Аслида бу биргина менинг Онажонимнинг эмас, Ўзбекистонимиздаги, жаҳондаги миллионлаб оддий, камтар, камсуқум, меҳрибон, меҳнатсевар, қўллари қадоқ Оналарнинг портрети.
Устозимизнинг адабий анжуманлардан бирида “Инсон ёнидаги яқин инсонини негадир мангу яшайди, ҳеч қачон чин дунёга кетмайди, деб янглиш ўйларкан”, деган сўзлари қулоғим остида жаранглайверади...
Муқаддас Ватанимнинг азиз тупроғига шу табаррук юртнинг бир қисми бўлиб сингиб кетган Онажоним! “Она-Ватан”, “она-Ўзбекистон”, “она-диёр”, “она-табиат”, “она-сайёра” сўзларида қанча ҳикматлар бор экан-а! Бу сўзларга “Она” сўзининг вобасталигида қанчалар маъно бор. Баҳордек гўзал, баҳордек ғанимат отажону онажонларимизни асраш, авайлаш, эъзозлаш, ўтган бўлсалар, ҳақларига бугунги маърифат ва шафоатга, меҳр-мурувватга тўлиб тошган муқаддас Рамазон ойида янада кўпроқ тиловат ва хайрли дуолар қилиш, ҳаётнинг, тирикликнинг, умрдек бебаҳо неъматнинг, яқинларимизнинг қадрига етиш энг устувор бурчимиз. Ватан каби мўътабар, ардоқли Оналаримиз қалбимизни қуёшдек ёритиб, юракларда мангу яшайдилар!
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири