Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси ҳамда бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
“Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Адлия вазирлиги юридик таъминлаш ва суд-экспертиза бошқармаси бошлиғи Жамшид Нуриддинов маъруза қилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлиги ва мол-мулкнинг ҳақиқий бозор баҳосини шакллантириш ва унинг ишончлилигини таъминлаш, баҳолаш йўналишидаги суд-экспертлик ва баҳолаш фаолияти самарадорлигини ошириш ва ушбу соҳаларни замонавий таҳлил воситалари билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан суд экспертлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган талаблар киритилмоқда.

— Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали аҳолини қийнаётган ва улар томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни тезкор, ўз вақтида ҳал этишга эришилади, — дейди депутат Абдуғани Умиров. — Шунингдек, ушбу ҳужжат баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текширишда муаммоларни бартараф қилиш, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтириш, шу билан бирга, республикада мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда ягона ёндашувнинг жорий этилишига хизмат қилади. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган мулк дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Қонун ташаббускорлари томонидан жавоблар қайтарилди.
Шунингдек, йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА