Бағдодликлар ҳаётидаги унутилмас учрашув
Президент ташрифидан сўнг...
Бу йилнинг ёзи – 27 июль санаси Фарғона вилояти Бағдод тумани аҳли учун унутилмас кун бўлди. Бу хурсандчилик, айниқса, Хитой маҳалласида ўзгача.
Давлатимиз раҳбари июль ойида шу маҳаллада бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди. Одамлар билан дилдан суҳбатлашди, уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлди.
Маҳалла ҳудуди 72 гектар бўлиб, бу ерда 2 минг 800 нафарга яқин аҳоли яшайди. Оилалар асосан ҳовли жойларда истиқомат қилади. Аҳоли ердан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Томорқаларда деҳқончилик қилинади. Сўнгги йилларда чорвачилик ва паррандачиликда даромад келтирадиган тармоққа айланди. Айни пайтда маҳаллада балиқчиликни ривожлантириш бўйича тажриба-синов жараёнлари кетмоқда. Ҳудуд аёлларининг аксарияти эса тикувчилик билан шуғулланади.
– Президент келиб кетди, лекин суҳбатдан олган таассуротларимиз, кўтаринки кайфиятимиз пасайгани йўқ, – дейди Абдуғаффор ота Ҳалилов. – Ўз хонадонимда юртнинг ташвишига елкасини тутган инсон билан бир пиёла чой ичдим. Танам кучга тўлди. Шу ерда давлатимиз раҳбари масъулларга топшириқлар ҳам берган эди. Бугун уларнинг ижросини кўриб хурсандмиз. Маҳалламиздаги беш нафар ўғил-қизларимиз президентимизнинг тавсияси билан олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Уларнинг хурсандчилигини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Барчаси ватанимизга хизмат қиламиз деб, шашт билан ҳаракат қилишмоқда. Маҳалламиздаги муаммонинг ўзи йўқ. Мен сизга айтсам, ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромад манбаларини ошириш маҳалла фаровонлигини таъминлайди. Бир нарсани мақтаниб қўяй, ўтган бир йилда биз яшаётган ҳудудда бирорта жиноят содир этилмади. Бу ҳам ҳамма ишнинг жой-жойидалигининг белгисида.

Абдуғаффор ота ва Раънохон она шу хонадонда бир ўғил, тўрт қизни тарбиялаб, вояга етказди. Бугун улар дилбандлари ардоғида. Ҳовлида баъзи кунлар фарзанд ва набиралар жам бўлганда тўй бўлаётгандай манзара пайдо бўлади.
Ўн уч сотихли бу ҳовлидан унумли фойдаланилади. Кўкатлар экиб қўилган. Ҳар-хил мевали дарахтлар ҳосил бериб турибди. Ватан ичра ватан – бу хонадонда хуррамлик ҳукмрон.
Маҳалла ҳудудида ўндан ортиқ савдо дўконлари, йигирмага яқин тикувчилик цехлари ишлаб турибди. Бир қанча сартарошхона, чилангарлик, ҳунармандчилик устахоналари ва мебел ишлаб чиқариш корхоналарида ёшлар доимий иш билан банд.
Сўнгги йилларда маҳалла қиёфасини яхшилаш ҳамда ободонлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 4,5 километр ички йўлга асфальт ётқизилди. Ярим километр масофанинг электр симлари янгиланди, иккита трансформатор ўрнатилди.
Икром Аввалбоев, ЎзА