Бағдодда 4 мингдан зиёд оилага буғдой тарқатилди
Бу йилги ғалла хирмони барокатли амалларга бой бўлмоқда. Гектарлардан мўл ҳосил етиштирган фермер хўжаликлари, кластерлар ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларга бепул дон, сомон тарқатиш анъаналари қулоч ёйди.
Қурбон ҳайити арафасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида минглаб хонадонларга тўкин-сочинлик, ризқ-рўз ва хайр-барака кириб бормоқда. Хайрли ва савобли амаллар Фарғона вилояти Бағдод туманида ҳам кўтаринкилик, уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Шу кунга қадар улкан хирмон уйган фермер ҳамда ғаллачилик кластер корхонаси томонидан 4 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 700 тоннадан ортиқ буғдой, 39 минг 300 дона сомон боғламлари тарқатилди.

Ғалладан бўшаган экин майдонлари 1 минг 960 та оилага такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. “Бағдод қишлоқ хўжалик техника ғаллачилик” кластер корхонаси 1000 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга буғдой етказиб берди.
М.Сулаймонов, ЎзА