Бадиий жамоалар фаолияти сарҳисоби
Йил бошидан буён Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси тасарруфидаги маданият муассасаларининг ҳисобот концертлари ўтказилди.
Йил бошидан буён Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси тасарруфидаги маданият муассасаларининг ҳисобот концертлари ўтказилди.
Маданий-маърифий масканлар қошидаги бадиий жамоалар фаолиятига теран таҳлилий назар ташлашга яқиндан ёрдам берувчи ушбу концерт дастури Ўзбек Миллий академик драма театрида ҳам бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар марказий маданият марказининг бадиий жамоалари ўз репертуаридаги энг сара дастурларни томошабинлар эътиборига ҳавола этди.
Юртимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ҳамюртларимизнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтлари мазмунли ўтишини таъминлаш, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган намунали дастурларини шакллантириш маданият марказлари фаолиятида устувор ўрин тутади. Шу билан бирга халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, турли тўгараклар, студиялар, курслар, қизиқувчилар клублари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратишда ушбу марказларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
– Ҳар йили маданият марказларининг шу каби концертларини ўтказиш яхши анъанага айланган, – деди Тошкент шаҳар марказий маданият маркази раҳбари Зоҳида Умарова. – Бундай концертлар бадиий жамоаларнинг фаолиятига атрофлича баҳо бериш, ютуқлари нималардан иборат, қаерда камчиликлари бор эканини тўлақонли аниқлаб олиш имконини яратгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Тошкент шаҳар марказий маданият маркази тасарруфида 8 та бадиий жамоа ҳамда бир қатор бадиий ижодиётга доир тўгараклар фаолият кўрсатади. Мазкур жамоа ва тўгараклар халқимиз, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини тўғри ва мазмунли ташкил этишда, турли маданий-маърифий тадбирларни кўтаринки ва байрамона руҳда ўтказишда ўзига хос ҳисса қўшмоқда.
Ҳисобот концертида бадиий жамоалар ва ижрочи ёшлар иштирокида жонажон Ўзбекистонимизни, мустақиллигимизни, ёшларга кўрсатилаётган меҳр ва эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, гўзал рақслар ижро этилди.