Бадиий таълимда янги йўналишлар муҳокама этилди
Тошкент шаҳрида бадиий таълим соҳасининг долзарб масалаларига бағишланган “Буюк Ипак йўли чорраҳасида бадиий таълимнинг глобал истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий таълим йўналишида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ташаббуси билан ўтказилаётган анжуман Хитой Халқ Республикасининг Хубей тасвирий санъат институти, Шарқ санъати ва эстетик таълими тадқиқот маркази, Малайзиянинг Мара технология университети ҳамда Индонезиянинг Негери Маланг университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон, Хитой, Малайзия, Индонезия, Венгрия, Арманистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган санъатшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Анжуманнинг ялпи мажлисида 19 нафар маърузачи ўз илмий изланишлари ва тажрибалари билан бўлишди.
Тадбирда бадиий таълимнинг бугунги ривожланиш тенденциялари, миллий санъат анъаналарини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, таълим жараёнига инновацион ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокамада қилинди.
Анжуман мавзусининг Буюк Ипак йўли билан боғланиши бежиз эмас. Зеро, асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган ушбу тарихий йўл нафақат савдо-сотиқ, балки илм-фан, санъат ва маданият алмашинуви учун ҳам муҳим кўприк вазифасини бажарган. Бугунги кунда эса мазкур тарихий мерос бадиий таълимда турли халқларнинг ижодий тажрибаси ва эстетик қарашларини уйғунлаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Конференция дастуридан Буюк Ипак йўли маданий мероси ва бадиий таълим, санъат таълимида инновациялар ва рақамли технологиялар, миллий қадриятлар ва замонавий санъат, халқаро ҳамкорлик ҳамда узлуксиз касбий ривожланиш каби йўналишларга бағишланган илмий маърузалар ва мунозаралар ўрин олган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, миллий бадиий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бадиий таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-32492]
Шу нуқтаи назардан, мазкур халқаро анжуман хорижий тажрибаларни ўрганиш, илмий-ижодий алоқаларни кенгайтириш ва педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Конференция якунида илгари суриладиган илмий таклиф ва тавсиялар бадиий таълим тизимини такомиллаштириш, илғор халқаро тажрибаларни миллий таълим амалиётига татбиқ этиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА