Бадиий гимнастика: “Ёрқин юлдузча” халқаро турнири давом этмоқда
Бугун, 6 апрель куни пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича давом этаётган “Ёрқин юлдузча” халқаро турнирининг кўпкураш дастури алоҳида йўналишлари бўйича финал мусобақалари бўлиб ўтади.
10 та мамлакатнинг маҳоратли гимнастикачилари иштирокида ўтаётган турнирнинг илк кунги баҳсларида Сенила Савинова тўп билан машқ дастурида олтин медалга эга чиққан бўлса, ўзбекистонлик Лейсан Кузменко 2-ўринни, "Мустақил спортчилар жамоаси-1" аъзоси Ксения Бандаренко 3-ўринга эга чиқди.
[gallery-28568]
Ҳалқа билан машқ дастурида олтин ва кумуш медаллар "Мустақил спортчилар жамоаси-2" вакилларига насиб этган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анора Мамажонова бронза медалини қўлга киритди.
Айтиш лозим, кечаги саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтган 32 нафар спортчи-қизлар бугун ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан машқ дастурларида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Финал босқичларига йўл олган спортчилар Германия, Таиланд, Жанубий Корея, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Россия ва Беларусь атлетларини жамлаган Мустақил спортчилар жамоалари аъзолари ҳисобланади.
Эртага, 7 апрелдан Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бошланади. Дунёнинг энг маҳоратли гимнастикачилари иштирокида кечадиган жаҳон кубоги мусобақалари 13 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА