Баҳор, 8-март об-ҳавоси қандай бўлади?
Юртимизда баҳор насимлари елмоқда.
Юртимизда баҳор насимлари елмоқда. Дам олиш кунлари қишнинг сўнгги кунини кузатиб, баҳорни кутиб оламиз. Шундай экан, қишнинг сўнгги куни ва баҳорнинг илк кунлари қандай кечиши, айниқса, 8-март куни бўладиган об-ҳаво кўпчиликка қизиқ бўлиши, табиий.
“Ўзгидромет” марказидан маълум қилишларича, эртага, қишнинг охирги кунида ҳам бугунги каби об-ҳаво сақланиб туради. Тунги ҳарорат 0 даража атрофида, кундузи эса 12-17 даража илиқ бўлади.
Баҳорнинг илк кунлари эса – илиқ ва қуёшли бўлади. Мамлакатимизга Туркманистон ҳудудидан кирадиган ҳаво оқими таъсирида ҳарорат кўтарилиб боради. Демак, бу йилги баҳор қуёшли ва жуда илиқ ҳаво билан бошланади. 1-2 мартда кундузги ҳарорат 20-23 даражагача кўтарилади, бу ўртача олдинги йилларга нисбатан 8-10 даражага юқори.
3 мартда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида илиқ ва қуруқ ҳаво сақланиб туради. 4-5 мартда салқин ва нам ҳаво оқимининг кириши билан ҳарорат пасаяди. Баъзи жойларда ёмғир ёғади. Бироқ, баҳорнинг биринчи ўн кунлигида об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари кутилмаяпти.
Март ойи жуда инжиқ ой бўлиб, ҳаво оқими йўналишлари тез-тез ўзгариб туради. Жанубдан жадал кирадиган жуда илиқ ҳаво оқими Волгабўйи, баъзида Урал ва камдан кам ҳолда Ғарбий Сибирдан кирадиган совуқ ҳаво билан алмашиб туради.
Ҳаво оқимлари алмашинуви нам билан биргаликда келса, об-ҳаво нобарқарор бўлиб, ёғингарчилик кузатилади. Ўзбекистонда март ойи йилнинг ёмғирли кунлари сони бўйича энг кўп ёғингарчилик кузатиладиган ойдир. Ўртача ҳисоблаганда, 10 кундан 15 кунгача ёмғирли кунлар бўлади.
Мартда ёғаётган ёмғирнинг қорга айланиши ва ҳароратнинг манфий кўрсаткичларгача тушиб кетиш ҳолатлари ҳам такрорланиб туради. Ана шундай нохуш об-ҳаво 2015 йил март ойида қайд этилган. Узоқ муддатли илиқ об-ҳаводан кейин, мевали дарахтлар гуллаган ва ойининг охирида айрим минтақаларда қор ёғиб, совуқ урган. Бу ҳодисани фермерлар яхши эсласалар керак.
Баҳор фаслининг қандай келишини айтиш мушкул. Апрелда одатда атмосферанинг нобарқарор ҳолати сақланиб туради. Ёмғирлар кўп ёғади, бироқ улар қисқа муддатли бўлиб, момақалдироқ, дўл ёғиб, шамол кучаяди ва шиддат билан эсади.
Майда март ва апрелга нисбатан ёғингарчилик кам бўлади, улар одатда ҳудуд бўйича, ҳатто бир шаҳар чегарасида ҳам нотекис тақсимланади, лекин жуда кучли ҳам бўлиши мумкин.
Тоғолди ҳудудларда кучли жала вайрон қилувчи сел оқимларини юзага келтириши мумкин.