Бўёқлар акс этган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Рассом Солий Қодировнинг “Бўёқлар сеҳри” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Рассом Солий Қодировнинг “Бўёқлар сеҳри” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Солий Қодиров 1950 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. У 1967-1972 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олган. Серқирра рассом Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. У тасвирий санъатнинг рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик турларида ижод қилади.
Муаллифнинг асарлари Германия, Италия, Япония ва Россия мамлакатларидаги шахсий коллекцияларда сақланади. Шунингдек, кўплаб асарлари Республика бадиий кўргазмалар дирекцияси жамғармаси, Урганч замонавий санъат музейи, К.Беҳзод номидаги Шарқ миниатюраси санъати музейидан ўрин олган.
“Бўёқлар сеҳри” номли кўргазмада рассомнинг 50 дан ортиқ ишлари намойиш қилинди. Томоша жараёнида графика усулидаги ҳар бир картинага разм солиб қараркансиз, улардаги алоҳида ва ўзгача мазмунни, чизгилардаги соддалик ҳамда ҳаяжонни ҳис қилишингиз мумкин.
“Графика” сўзи грекча сўз бўлиб “ёзиш”, “чизиш” деган маъноларни билдиради. У тасвирий санъатнинг қадимий турларидан бири сифатида узоқ йиллик тарихга эга.
Мамлакатимизда графика санъати XX асрда шаклланди. Мазкур санъат турига ўзининг катта ҳиссасини қўшган ва мактабини яратган таниқли рассомлардан И.Икромов, В.Кайдалов, Л.Абдуллаев, К.Башаров, М.Кагаров, Л.Даватцларни алоҳида тилга олиш мумкин. Томошабин мутахассисларнинг эътирофича, рассом Солий Қодиров ҳам ушбу йўналишда ўзининг серқирра ижодини намойиш қила олди.
Кўргазма 30 сентябргача давом этади.



