Бўш иш ўринлари ярмаркаси
Жиззахда ўтказилган меҳнат ярмаркасида 173 корхона ва ташкилот бир минг етти юзга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Жиззахда ўтказилган меҳнат ярмаркасида 173 корхона ва ташкилот бир минг етти юзга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди.Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди.
– Ёшлар учун янги иш ўрни яратишда уларнинг мутахассислигига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ёқуб Назаров. – Бугунги ярмаркада 120 дан зиёд фуқарога корхона ва ташкилотларда ишлаш учун йўлланма берилди. Умуман, мана шундай тадбирлар натижасида шу йилнинг ўтган даврида 27 мингга яқин киши ишга жойлашди.
Ярмаркада иштирок этган «Jizzax plasteks» Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, «Jizzax kenteks» масъулияти чекланган жамияти каби қатор корхона ва ташкилотлар, халқ таълими муассасалари, хусусий тадбиркорлар ўз фаолиятини кўргазмалар, тарғибот воситалари орқали намойиш этди.
– Бўш иш ўринлари ярмаркаси ўзим хоҳлаган ишни топишим учун яхши имконият бўлди, – дейди Жиззах енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилдора Жумаева. – Ярмаркада Жиззах туманидаги “Заристатекс” масъулияти чекланган жамиятида ишлаш учун йўлланма олдим. Мутахассислигим бўйича ишга жойлашаётганимдан мамнунман.