“Ажримларга катталар “бош-қош” бўлмоқда”
“Қушнинг ини ҳам бузилмасин”, деган ибора бежиз айтилмаган.
Жамиятимиздаги иллатларнинг келиб чиқиш омилларидан бири бу ажримлардир. Биргина, жанжалли оиланинг муаммоларини эшитиш, уларни муросага келтириш албатта, битта ажримнинг олди олиниши демакдир.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ахрор Мансуров бошчилигидаги ишчи гуруҳи Янгиқўрғон туманида ажрим ёқасида турган 20дан ортиқ оила билан суҳбат ўтказди.
Мулоқот давомида ҳар бир оила муаммолари, ажримга сабаб бўлаётган омиллар билан танишилди. Таъкидлаб ўтилдики, фарзандсизлик, ўзаро келишмовчилик, турмушда у ёки бу етишмовчиликлар ажримга сабаб бўлмаслиги керак. Фарзандларни етим бўлишига йўл қўймаслик зарур.
Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ўтказиб келинаётган “Аҳил оила – бахтли жамият негизи” куни доирасида ўтказилган ушбу тадбирда туман оқсоқоллари, отинойилари, имом-хатиблар иштирок этди. Ўтказилган мулоқотлар натижасида тумандаги маҳаллалардан бирида истиқомат қилувчи Комиловлар оиласини яраштиришга эришилиб, бир боланинг етим бўлиб ўсишининг олди олинди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Янгиқўрғон туманида ўтган 2021 йилда 712 та оила ажрим ёқасига келиб қолган бўлса, уларнинг 80 фоизи яраштирилди. 2022 йилнинг дастлабки ойида 23 та оила вакиллари ажралиш учун тегишли идоралар мутасаддиларга мурожаат қилган.

Бу каби салбий ҳолатларни камайтириш мақсадида масъуллар хонадонларда юриб ўрганишлар олиб борди. Уларнинг яшаш тарзи, бандлик масаласи, оилавий шароитлари билан танишилди.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ажрим учун айтарли сабаблар йўқ.
– Шундай аҳил ва тотув оилаларни биламиз, улар керак бўлса, 10-20 йиллаб фарзанд кутган, – деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳрор Мансуров. – Аммо бугун жанжаллашиб қолган ёшларни яраштириш ўрнига, катталарнинг ўзлари ҳам бу каби ажримларга “бош-қош” бўлмоқда. Бир ой, икки ой ўтиб ўртадаги совуқчилик музга айланяпти. Биз азал-азалдан оилани муқаддас деб билган, урф-одатлар ва қадриятларни улуғлаган халқ вакилларимиз, шу боисдан ҳам ажримларнинг олдини олишга жиддий ёндашишимиз керак.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА