Ажримлар – фақат оила муаммоси эмас
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жорий йилнинг етти ойи давомида 51 та оила расман ажрашган. Шундан 20 таси ФҲДЁ бўлимлари орқали, 31 таси эса суд қарори билан расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 тага кам.
Ажримларнинг сабаблари турлича: оилавий ҳаётга тайёр эмаслик, ичкиликка берилиш, ишсизлик, фарзандсизлик, қайнона-қайнота билан келишмовчилик ёки турмуш ўртоғининг узоқ муддат хорижда бўлиши.
Муаммоларни ҳал этиш мақсадида туман ҳокимлигида ажрим ёқасида турган 21 та оила билан мулоқот ташкил этилди. Суҳбат жараёнида уларнинг дарду ташвишлари эшитилиб, маслаҳатлар берилди. Натижада 12 та оила қароридан қайтиб, яна бирга яшашга рози бўлишди.

– Ажрим — бу фақат икки ёшнинг қарори эмас. Унда фарзанд тақдири, ота-она изтироби, маҳалла тинчлиги бор. Шунинг учун оилаларни асраб қолиш, ёшларни турмушга тайёрлаш ва уларга маслаҳатчи бўлиш бизнинг асосий вазифамиздир, – деди Гулистон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Худойбердиева.
Гулистон туман бош отинойиси Саодат Хўжақулова эса оила барқарорлигини таъминлашда катталар сўзи ва маслаҳатининг аҳамиятига алоҳида урғу берди:
– Биз ҳаётнинг ширину аччиғини кўрганмиз. Ёшлар турмуш қурганда сабр ва меҳр оила пойдевори эканини англаб етиши керак. Кичик гапдан катта низо чиқиши мумкин. Бу пайтда катталар маслаҳатига қулоқ солиш ҳар қандай муаммони енгил қилади. Бир ярашган оила — ўнлаб болаларнинг бахти, маҳалланинг тинчлиги демакдир.

Шунингдек, жорий йилда туманда эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатлари аниқланмагани таъкидланди. Мутасаддилар буни маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишларининг самараси сифатида баҳоламоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳар бир ажрим — статистикадаги қуруқ рақам эмас, у жамият оғриғи, фарзандлар тақдири демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири