Пойтахтимизда Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан “Аждодлар мероси – ўчмас хотира” ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон архивлари: Тарихий хотирадан Янги Ўзбекистон сари” номли анжуман ҳамда “Тарихий хотира” номли фотокўргазма бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда архив иши соҳасида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, архивларда сақланаётган тарихий ҳужжатларга аҳоли, илмий жамоатчиликнинг қизиқиши кучайди. Бунинг натижасида архивларда сақланаётган бой тарихимиз, маънавий меросимизнинг ҳали ўрганилмаган ҳужжатлари илмий ўрганилди. Ислоҳотлар натижасида архив ҳужжатларини рақамлаштиришга эътибор кучайтирилди.
[gallery-20223]
Бугунги кунда тарихимизга оид кўплаб архив ҳужжатларини ўрганишга илмий тадқиқотчилар жалб этилган. Айниқса ёш илмий изланувчилар сони ўтган йилларга нисбатан ошган.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви сақловидаги 60 дан зиёд ва Ўзбекистон Миллий архиви сақловидаги 20 дан зиёд архив иши соҳаси тарихига оид “Тарихий хотира” фото ва архив ҳужжатлари кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар мазкур фотокўргазма билан танишиб, турли йилларда архив соҳасининг ривожланиш босқичларини кўриб чиқди.
“Аждодлар мероси – ўчмас хотира” номли ҳафталик доирасида бугунги кунда барча ҳудудларда мавзуга бағишланган туркум тадбирлар, фото ва архив ҳужжатлари намойиши ташкил этилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА