"Аждодлар изидан" интеллектуал ўйини
Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизони ҳарбий қисм маданият марказида бўлиб ўтган “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйинида Сурхондарё вилоятидаги куч тузилмаларидан иборат жамоалар ўзаро куч синашди.
Мазкур турнир ёш ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва курсантларнинг миллий давлатчилигимиз вужудга келиши ҳамда турли даврларда ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар шон-шуҳратини тарихий далиллар асосида замондошлар онгу хотирасида мустаҳкамлашга йўналтирилган. Мақсад бу мавзудаги қизиқарли маълумотларни кенг оммага етказиш, жанг санъати сирларини ўрганишда китоб ўқишнинг аҳамиятини тарғиб қилишдир.

Интеллектуал ўйин икки бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бир бўлимда 15 тадан, жами 30 та савол ўйналди. Бўлимлар оралиғида жамоаларга дам олиши учун 5 дақиқа вақт ажратилди.

Вилоят божхона бошқармаси жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги жамоасига иккинчи ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари жамоасига учинчи ўрин насиб этди.


Интеллектуал ўйин иштирокчилари ва ёшлар ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, замонавий қурол-аслаҳаларни кўздан кечирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири