Мамлакатимизда бошланган “Бағрикенглик ҳафталиги” маърифий лойиҳаси Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалалари давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир карра намойиш этмоқда.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
– Аслида бағрикенглик ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган фазилат. Агар бутун дунёда толерантлик “тоқат этиш”, “сабр” каби тушунчаларни англатса, бизда бағрикенглик одамийлик, одамгарчилик каби тушунчалар билан ҳамоҳангдир.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда инсон шаънини улуғлаш, ёшларни миллий ва умумбашарий эзгу ғоялар асосида тарбиялаш, тинчликпарвар сиёсат олиб бориш, хориждаги ватандошларимиз билан самимий муносабатларни ўрнатиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган илғор ташаббуслардан саналади.
2017 йилда бу борадаги амалий ишлар жаҳон эътибори ва эътирофига тушди. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик ва турли миллатлар ўртасида аҳиллик масалалари “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.
Бугунги кунда қўмитамиз томонидан миллатлараро муносабатлар соҳасида амалий ишлар олиб бориш, хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, чет элдаги ватандошлар билан мулоқот ўрнатиш борасида самарали фаолият юритилмоқда.
Айтиш керакки, миллий маданият марказлари фаолияти учун кенг имкониятлар очилди. Уларнинг раҳбарлари эндиликда ойлик иш ҳақи асосида ишламоқда. Мамлакатимизнинг ҳудудларида бир қатор “Дўстлик уйлари” барпо этилди. Миллий маданият марказларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратилди. Таълим ўзга тилларда олиб бориладиган мактабларга ўқув дарсликлари ва бадиий адабиётлар доимий етказиб берилмоқда. Миллий маданият марказларининг маърифий лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Парламент комиссиясининг фонди томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Мамлакатимизга хориждан келаётган меҳмонлар бугунги кунда Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасидаги эзгу ишларни ибрат сифатида жуда юксак эътироф этмоқда.
Албатта, эзгу ишлар "Бағрикенглик ҳафталиги" билан чекланиб қолмайди. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар бардавомлиги билан диққатга сазовор.
Назокат Усмонова ёзиб олди.
ЎзА