Айрим лидер тадбиркорларга гаров таъминотисиз кредит ажратилади
Ўзбекистонда аҳоли даромадларини ошириш ва кичик бизнесни ривожлантириш учун янги тизим жорий этилмоқда. Президент фармонига кўра, тадбиркорлар энди гаровсиз кредит ва фоиз компенсацияларига эга бўлади, маҳаллий ҳокимиятга кенг ваколатлар берилмоқда.
“Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича тегишлича ҳудудий штаблар, туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида – туман (шаҳар) штаблари ташкил этилган.
2026 йил 11 сентябрда қабул қилинган фармонга кўра, туман (шаҳар) штаби қарорига асосан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга 5 млрд. сўмгача (жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 млн сўм ҳисобда) гаров таъминотисиз кредит ажратилишига рухсат берилади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларининг имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман (шаҳар) штабларига ўтказилади.
2026 йил 1 октябрдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига туман (шаҳар) штаблари қарорлари асосида тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти (Компания) томонидан ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан компенсация қилиш механизми жорий қилинади. Бунда:
– туман (шаҳар) штаблари маҳаллий шароит, лойиҳаларнинг самарадорлиги ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, компенсация тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади, компенсациядан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади;
— туман (шаҳар) штабларининг қарорлари компенсация тақдим этиш учун асос ҳисобланади. Компенсация тақдим этишда кредит тарихи, тадбиркор тоифаси, барқарорлик рейтинги ва бошқа талабларнинг жорий этилишига йўл қўйилмайди;
– тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликда белгиланган умумий тартибда Компанияга компенсация олиш учун бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;
– бир молиялаштириш бўйича бир хил фоиз харажатларини 2 марта компенсация қилишга йўл қўйилмайди.
Шербек Исломов, ЎзА