Айрим давлат активлари 1 млн. сўм бошланғич нархда аукционга чиқарилади
Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда. 2026 йилда 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улуши, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ер савдога чиқарилади.
Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий сектор улушини ошириш ва инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида янги босқичдаги хусусийлаштириш жараёнлари бошланмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 28 августдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 2026 йил учун давлат активларини сотиш, корхоналарни тугатиш ва қайта ташкил этиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йилда давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 84 та жамиятдаги улушлар, 1 242 та кўчмас мулк объекти ҳамда 8 минг гектар ер участкалари савдога чиқарилади. Шунингдек, 85 та давлат иштирокидаги корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш белгиланган. Энг катта кўрсаткич эса давлат активларини сотиш ҳажми билан боғлиқ. Умумий қиймати 100 триллион сўмга яқин давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари ҳамда ер участкалари савдога чиқарилади. Бундан камида 14 триллион сўм тушум олиш мақсад қилинган. Бу рақамлар хусусийлаштиришнинг навбатдаги босқичи аввалги даврларга нисбатан кўлами анча катта эканини кўрсатади.
Давлат активларини харид қилиш жараёнида тадбиркорлар учун бир қатор молиявий енгилликлар жорий этилмоқда. Жумладан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда 15 фоиз аванс тўлаш имконияти берилади. Авансни 30 календарь кун ичида тўлаш, қолган суммани эса қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Йирик активлар бўйича янада қулай механизмлар назарда тутилган. Агар харидор олти ой ичида тўловнинг 100 фоизини амалга оширса, унга умумий суммага нисбатан 25 фоиз чегирма берилади. Шунингдек, олти ойда 50 фоиз тўловни амалга оширган харидор қолган суммани 7 йил давомида фоизсиз тўлаши мумкин.
Яна бир вариантга кўра, харидор уч ой ичида 35 фоиз тўловни амалга оширса, қолган маблағни 5 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлади. Бу механизмлар, аввало, йирик давлат активларини хусусий секторга ўтказишда молиявий тўсиқларни камайтиришга қаратилган.
Фармонда давлат активларини сотиш жараёнини тезлаштиришга қаратилган муҳим янгиликлардан бири — сотилмай қолган объектларнинг бошланғич нархини пасайтириш механизми. Агар давлат активи очиқ электрон онлайн аукцион ёки биржа савдоларида уч ой давомида сотилмаса, унинг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтирилади.
Актив икки ой давомида сотилмаса, Давлат активларини бошқариш агентлигига уни лотларга ажратиш ёки бирлаштирган ҳолда қайта савдога чиқариш ваколати берилади. Шу билан бирга, уч ой давомида сотилмаган активларни гибрид аукцион — англо-голланд модели асосида реализация қилишга рухсат берилади. Бунда дастлаб нарх пасайтирилади, харидор таклифи пайдо бўлганидан кейин эса нарх ошириш тартибида савдо давом эттирилади.
Фармонда ер участкаларини тадбиркорлар учун янада жозибадор қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Энди айрим ер участкалари “тайёр пакет” усулида электрон онлайн аукционга чиқарилади. Бунда ернинг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши учун техник шартлар ва қурилишга рухсат берувчи зарур ҳужжатлар олдиндан тайёрланади. “Тайёр пакет”ни ишлаб чиқиш харажатлари дастлаб маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши, кейин эса ушбу харажатлар ерни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан қопланиши мумкин. Бу ёндашув тадбиркорнинг ерни сотиб олгандан кейин инфратузилма ва рухсатнома масалалари билан узоқ вақт овора бўлишининг олдини олишга қаратилган.
Хусусийлаштириш жараёни барча корхоналар учун бир хил тарзда амалга оширилмайди. Стратегик аҳамиятга эга корхоналарни хусусийлаштиришда миллий хавфсизлик, ижтимоий барқарорлик ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлатнинг вақтинчалик махсус иштирок этиш ҳуқуқи сақлаб қолиниши мумкин.
Яъни хусусийлаштириш давлатнинг иқтисодиётдан бутунлай чиқиб кетишини англатмайди. Стратегик аҳамиятга эга тармоқларда давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизми сақланади. Фармон давлат муассасалари фаолиятига ҳам жиддий ўзгаришлар киритади. Рақобат муҳити шаклланган соҳаларда давлат бюджетидан молиялаштирилмайдиган давлат муассасаларини ташкил этиш тақиқланади. Тижорат фаолияти билан шуғулланадиган давлат муассасалари эса 2026 йил 1 декабрга қадар хўжалик жамиятларига айлантирилади.
Бундан ташқари, давлат иштирокидаги корхоналар тизимидаги носоҳавий ташкилотлар таркибдан чиқарилиб, хўжалик жамиятларига айлантирилади ва оммавий савдоларга чиқарилади. Бунинг ортида битта асосий мақсад бор, давлат корхонаси мақоми орқали рақобат муҳитига таъсир кўрсатадиган, аммо тижорий хусусиятга эга фаолиятларни хусусий секторга ўтказиш.
Фармонда ижтимоий соҳадаги йирик ташкилотларни коммерциялаштириш масаласи ҳам қамраб олинган. Йирик олий таълим муассасалари ва республика ихтисослашган тиббиёт марказларини босқичма-босқич хўжалик жамиятларига айлантириш кўзда тутилган. Уларнинг фаолиятига хусусий инвесторлар, жумладан, акциялар пакетини оммавий савдога чиқариш орқали капитал жалб қилиниши мумкин. Бу механизм таълим ва тиббиёт соҳаларида давлат маблағларига қарамликни камайтириш, қўшимча инвестиция ва бошқарув тажрибасини жалб қилиш имкониятини кенгайтиради.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати банклар балансидаги қарздорлик эвазига қабул қилинган мол-мулклар билан боғлиқ. Давлат иштирокидаги банклар қарздорлик эвазига қабул қилган мол-мулкларни, жумладан, акция пакетлари ва улушларни сотишда айрим енгилликлардан фойдаланиши мумкин. Бундай мол-мулкларни бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб-бўлиб сотишга ҳам рухсат берилади. Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар муайян шартлар асосида банклар балансига қарздорлик эвазига олинган кўчмас мулк объектларини сотиш билан боғлиқ солиқ имтиёзлари амал қилади.
Бу чоралар муаммоли активларни банклар балансида узоқ вақт сақланиб қолишининг олдини олиш ва уларни қайтадан иқтисодий айланмага киритишга хизмат қилиши кутилмоқда. Фармон билан вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудлар раҳбарларига ҳам аниқ вазифалар юклатилган. Хусусийлаштириладиган активларни Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш масаласи бир ой муддатда кўриб чиқилиши керак.
Тугатиладиган ёки қайта ташкил этиладиган 85 та давлат иштирокидаги корхона бўйича бошқарув органлари қарорлари 2026 йил 1 ноябрга қадар қабул қилиниши, ишлар эса йил якунига қадар якунланиши белгиланган. Шу тариқа хусусийлаштириш жараёни фақат активларни сотиш билан чекланмай, давлат корхоналарининг ўзига бўлган ёндашувни ҳам ўзгартиришни назарда тутмоқда.
Фармонни бир нечта рақамда ифодалаш мумкин: 84 та жамият, 1 242 та кўчмас мулк объекти, 8 минг гектар ер, 85 та корхона ва қарийб 100 триллион сўмлик активлар. Бу рақамлар давлат мулкини хусусий секторга ўтказиш жараёни кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Бироқ хусусийлаштиришнинг иқтисодий самараси активларнинг қанча маблағга сотилгани билан эмас, балки улар сотилгандан кейин қанчалик самарали ишлаши, янги инвестициялар жалб қилиниши, иш ўринлари яратилиши ва рақобат муҳити кучайиши билан баҳоланади. Шу маънода, янги босқичнинг асосий вазифаси давлат мулкини сотишнинг ўзи эмас, балки давлат активларини хусусий капитал, инвестиция ва самарали бошқарув орқали иқтисодий ўсиш манбаига айлантиришдан иборат.
Фармонда белгиланган янги аукцион механизмлари, бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари, солиқ имтиёзлари ва “тайёр пакет” усулида ер сотиш амалиёти тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтириши мумкин. Энг муҳими, ушбу жараённинг шаффофлиги, рақобат асосида ўтиши ва давлат активларининг ҳақиқий бозор қийматида сотилиши таъминланиши керак.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА