Аёллари эъзозланган Ватан осуда, обод ва фаровон бўлади
Сурхондарё вилоятида бу йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни янада файзли ва шукуҳли нишонланди. Қишлоқ ва маҳаллаларда, ташкилот, корхона ва муассасаларда мўътабар онахонлар, мунис опа-сингилларга чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, жамиятдаги ўрни улуғланди. Оилаларимиз файзи, жамиятимиз гултожи бўлган хотин-қизларнинг ёш авлодни камолга етказишдаги эзгу хизматлари билан бирга хусусий бизнес, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқларда ҳам бетиним меҳнатлари борлиги эътироф этилди.
– Буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ривожидаги ўрни ҳамда мавқеини мустаҳкамлашга қаратилаётган ислоҳотларнинг амалдаги самарасидир, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зебунисо Алимардонова. – Масалан, Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жараёнида оналик ва болаликни ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилди. Тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш имконияти кенгайди. Зўравонликнинг олдини олиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунчилик мустаҳкамланаётир. Олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган хотин-қизлар учун давлат томонидан турли грант ва стипендиялар ажратилаётгани уларнинг олий маълумотга эга бўлиб, илмий изланишлар олиб бориши ҳамда янгилик яратишига хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам таянчига айланаётган хотин-қизлар тадбиркорлигини янги босқичда юксалтириш учун имтиёзли кредитлар, субсидия ва грантлар ажратилаётгани аёлларнинг бандлик масаласини ҳал этиш, оила бюджети даромадларини ошириш ҳамда иқтисодиётимиз ривожида муҳим ўрин тутаётгани аҳамиятли бўлмоқда.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 1 миллион 420 мингдан ортиқ хотин-қиз яшайди. Воҳада жамиятнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиб, самарали меҳнат қилаётган аёллар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда.
Вилоят хотин-қизларининг бир нафари Олий Мажлис Сенати аъзоси, уч нафари Олий Мажлис қонунчилик палатаси, 17 нафари халқ депутатлари вилоят кенгаши, 112 нафари туман, шаҳар Кенгашлари депутатларидир. 1 минг 235 нафар хотин-қизлар вилоятдаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда 80 дан ортиқ хотин-қиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Жорий йилги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ҳам тўрт нафар хотин-қиз давлатимизнинг орден ва медаллари, икки нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва 17 нафари “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Вилоятда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг муаммо ва масалаларига ечим топиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Жумладан, биргина ўтган йили 20 минг 178 нафар хотин-қизга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 315 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

“Бир ҳунармандга – ўн шогирд” лойиҳаси доирасида 1 минг 628 хотин-қиз ҳунармандчиликка ўргатилиб, 22 минг 838 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонликка ўқитилди.
Давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган раҳбарлик салоҳияти ва қобилиятига эга 1 минг 235 нафар хотин-қиздан захира кадрлар шакллантирилиб, 20 нафари Давлат бошқарув академиясида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури асосида билим ва кўникмаларини оширди.

“Аёллар дафтари”ни юритиш орқали ўтган йил 64 мингдан ортиқ хотин-қизга ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 41 минг 537 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 1 минг 649 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратилди. 7 минг 212 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қиз, 8 минг 395 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага эҳтиёж сезаётган хотин-қиз ва 4 минг 286 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд аёл “Аёллар дафтари” жамғармасининг қарийб 23 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдамидан фойдаланди.

Уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларни турар-жой билан таъминлаш учун бошланғич тўловлари тўлаб берилаётгани, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва фарзандларининг жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун етарли моддий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Термиз шаҳридаги муҳташам “Мумтоз” тантаналар саройида бўлиб ўтган байрам тадбирида ҳам шу ҳақда атрофлича фикр юритилди. Вилоят ҳокими У.Қосимов воҳа хотин-қизларини байрам билан самимий муборакбод этиб, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонларини ва бир гуруҳ фидойи аёлларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири