Аёллар жинояти битта бўлса ҳам кўпдир
Юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинликларига дахлдор масалалар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш борасида қатор лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилган ҳолда амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 26 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди ва бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Барча ҳудудларда “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари анкета-сўровномалари орқали хатловдан ўтказилди. Натижада биринчи босқичда Навоий вилоятида ҳам ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ёрдамга муҳтож 12 минг 827 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Малика МАМАДИЯРОВА билан мазкур дафтарга киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
– Аёллар бандлиги муҳим масала ва алоҳида эътиборда. Суҳбатни шундан бошласак.
– Президентимиз таклиф ва топшириқларидан кейин “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 та йўналишни белгилаб олдик, – дейди Малика Мамадиярова. – Бу биринчидан, 10 минг 263 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчидан, 2 минг 564 нафар моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни тизимли равишда ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласидир.
Шундан келиб чиқиб, “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар 9 та тоифага ажратилди. Дафтарга киритилган хотин-қизлар билан олиб борилган ишлар натижасида, жорий йил 1 июнь ҳолатига барча 12 827 нафар хотин-қизга тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилди ва уларнинг муаммолари ҳал этиб берилди ва биринчи тоифага киритилган 10 263 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Жумладан, 5643 нафар ишга жойлашган хотин-қизнинг 1167 нафари доимий ва 932 нафари вақтинчалик жамоат ишларига, 10 нафари тадбиркорликка, 69 нафари жамоат кооперативларига жалб этилди. 143 нафарига шахсий томорқаларини ривожлантириш, 6 нафарига касбга ўқитиш харажатларини қоплаш учун мақсадли субсидия маблағлари ажратилди. 2987 нафари бўш иш ўринларига жалб этилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. 329 нафари учун эса ишсизлик нафақаси тайинланди.
Шунингдек, 1202 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди. 3016 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 40,9 миллиард сўм, 402 нафар аёлга эса Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси ҳисобидан кредит маблағи ажратилди.
– Боқувчисини йўқотган, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар ҳам давлатимиз диққат марказида. Шундай эмасми?
– Албатта, бу борада ҳам манзилли чора-тадбирлар тузиб олганмиз. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 492 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлга қарийб 539 миллион сўм, шундан 482 миллион сўм нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдам ва 200 та комплектдаги қиймати қарийб 57 миллион сўмлик озиқ-овқат кўринишида ёрдамлар ажратилди.
Шунингдек, 38 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизга 341,5 миллион сўмлик, шундан 38 та комплектдаги 4,4 миллион сўмлик озиқ-овқат кўринишида ҳамда 344 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун 337,1 миллион сўм нақд пул кўринишида моддий ёрдамлар берилди.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган 528 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун Бухоро, Хива, Шахрисабз, Самарқанд ва Андижон шаҳрига саёҳатлар уюштирилди. Шунингдек, йил давомида 2150 нафар хотин-қизни Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига олиб бориш режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирлар “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан амалга оширилмоқда.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 71 нафар хотин-қизга 69,6 миллион сўм нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдамлар ажратилди. Шунингдек, ушбу тоифада бўлган 71 нафар хотин-қизнинг уй-жойларини таъмирлаш учун ҳар бирига 25 миллион сўмдан, жами 1,8 миллиард сўмлик беғараз ёрдамлар кўрсатилди.
Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар-жой мавжуд бўлмаган 186 нафар хотин-қизга 1,1 миллиард сўм ажратилди.
Бир ва ундан ортиқ 1-ёки 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларга эса 294 миллион сўмлик 60 та тикув машинаси, 8,4 миллион сўмлик курка, товуқ ва асалари беғараз тарқатилди.
– Аёл соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади, дейишади. Шу нуқтаи назардан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг саломатлигини назорат қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Соғлом аёлдан соғлом фарзанд дунёга келади. Қолаверса аёлнинг саломатлиги фарзанд тарбиясида ҳам оиласи тинчлиги ва хотиржамлигида ҳам муҳим ўрин тутади.
Ҳудудий манзилли дастурларга мувофиқ, ҳудудлардаги 40 та оилавий поликлиника, 59 та оилавий шифокорлик пунктида "Аёллар маслаҳатхонаси бўлими”, “Қизлар саломатлиги маркази", “Пренатал скрининг хонаси” тузилмалари хизмати ташкил этилди.
Рўйхатга олинган 886 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, 806 нафарида турли даражадаги касалликлар аниқланиб, уларнинг 619 нафари тўлиқ соғломлаштирилди, 110 нафари вилоят миқёсида ва 31 нафари республика миқёсида даволаниши ташкил қилинди. Ушбу чора-тадбирлар учун 305 миллион сўмлик маблағ сарфланди.
Шунингдек, юқори технологик амалиётга муҳтож 34 нафар хотин-қизнинг соғлигини тиклаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган 12 нафар хотин-қизга ногиронлик аравачаси, 12 нафарига санаторийга йўлланмалар, 12 нафарига республика сиҳатгоҳларида даволаниши учун ордер берилди, 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг олий таълим муассасалардаги 451 миллион сўмлик контракт тўловлари тўланди.
Умуман олганда, тиббий ёрдамга муҳтож 886 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг аҳволини текшириб бориш тиббиёт муассасалари томонидан доимий назоратга олинди.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан олиб борилган ишлар учун умумий ҳисобда 46,3 миллиард сўм, шундан, 4,1 миллиард сўм “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан, 1,3 миллиард сўм “Аёллар жамғармаси” ҳамда 40,9 миллиард сўм банк кредити ҳисобидан маблағлар сарфланди.
– Бугун нафақат “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, балки вилоятдаги барча хотин-қизларимиз ўртасида ҳам тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.
– Ўтган давр мобайнида 270 832 нафар туғиш ёшидаги аёллардан 98 757 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида камқонлик, нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими ва бошқа касалликлари мавжуд аёллардан 11 586 нафари амбулатор ва 1918 нафари стационар шароитда даволанди.
Хотин-қизлар кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони скринингини ўтказиш мақсадида 741 нафар аёлларда кўкрак бези палпацияси, 175 нафар аёлда бачадон бўйни кольпоскопия амалга оширилди. Саратон касаллиги билан ҳисобга олинган 51 нафар аёллар рўйхатини ҳудудлар кесимида аниқланиб, даволаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 72 нафар онкологик касаллиги бор хотин-қизлардан 14 нафари, эндокрин касаллиги бор 653 нафар хотин-қизлардан 118 нафари, сил касаллиги билан оғриган 141 нафардан 87 нафари стационар шароитида даволаниши ташкил этилди.
– Бугунги куннинг энг оғриқли муаммоларидан бири оилавий ажримлар, хотин-қизлар томонидан жиноятчилик содир этилиши муаммоси. Ҳозирда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш борасида қандай амалий ишлар қилинмоқда?
– Тўғри, энг оғриқли масалаларимиздан бири оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласи. Вилоятда жорий йилнинг 7 ойи давомида 730 та ажрим қайд этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 227 тага ошган.
Бу кўрсаткич оилавий ажримларнинг олдини олишда ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиб, тизимли ишларни амалга ошириш кераклигини кўрсатмоқда. Яқин орада Оилавий ажримларнинг олдини олиш ойлигини ташкил қилиб, барча сектор ва давлат ва жамоат ташкилотлари, фаоллар билан ҳар бир маҳалла кесимида ажрим ёқасидаги оилалар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Вилоятда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 135 тани ташкил этмоқда. Аслида хотин-қизларимиз томонидан битта жиноят содир этилса ҳам бу салбий кўрсаткич. Таҳлилларга кўра, фақатгина, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Навбаҳор туманларимиздан ташқари барча ҳудуларимизда ушбу жиноят ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кўпайганини кўриш мумкин.
Оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда кенг жамоатчиликнинг аралашуви ва аҳоли ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб бориш сусайганлиги натижасида бу каби ҳодисалар кўпаймоқда. Ҳудудларда хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш, нотинч, муаммоли оилаларга кўмак бериш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштиришга кўмаклашиш мақсадида вилоят хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши аъзолари туман(шаҳар)ларга бириктириб чиқилди.
[gallery-3465]
Суҳбат учун раҳмат.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди