Аёллар тадбиркорлиги доим эътиборда
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси халқаро ташкилотлар билан бирга хотин-қизлар ишбилармонлигини ривожлантиришга катта аҳамият қаратмоқда.
Мазкур ассоциация Канаданинг Маҳаллий ташаббуслар фонди (Canada fund for local initiatives) ташкилоти билан ҳамкорликда “Таълим семинарлари ва устоз мураббийлар кўмагида хотин-қизлар ва ёлғиз оналар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали уларнинг меҳнат бозоридаги иштирокларини мустаҳкамлаш” лойиҳасини ҳам муваффақиятли амалга оширмоқда.
– Лойиҳа аҳолиси зич бўлган Фарғона водийси вилоятларида амалга оширилади, – дейди ассоциация лойиҳалар координатори Нозима Ғиёсова. – Ҳар бир вилоятдан 20 нафардан тадбиркорлик қилиш ниятидаги хотин – қизлар, ёлғиз оналар учун икки туркум даврда 3 кунлик семинар тренинглар ўтказилиб, уларга тадбиркорлик сабоқлари берилади. Ўз бизнесларини очиш, уни бошлаб олишларига дастлабки кўмак кўрсатилади. Лойиҳа иштирокчилари вилоятлардаги тажрибали ишбилармон аёлларга шогирд сифатида бириктириб қўйилади. Мақсад эса аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратишдир.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор ана шундай лойиҳалар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.
Зеро, Ассоциациянинг асосий мақсади мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш, тадбиркор аёлларга елкадош бўлиш, ўз амалий чора-тадбирлари, тажриба ва малакасини мамлакат иқтисоди ривожига сафарбар этишдир.
Н.Усмонова, ЎзА