Аёллар муаммоларига йўл топиб
Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд хотин-қизларга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлигига эътибор қаратганди.
Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишга оид таклифи юртдошларимиз, айниқса опа-сингилларимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган мазкур Кенгаш ўз фаолияти давомида нималарга эътибор қаратмоқда? Айни савол билан Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруповага мурожаат қилдик.
- Республика хотин-қизлар кенгаши фаолиятининг ташкил этилиши асослари хусусида тўхталиб ўтсангиз.
- Оила, аёлларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг кундалик ташвишларининг барҳам топиши, қизларнинг келажаги ҳақида қайғуриш Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда доим устуворлик касб этган. Айни дамда Мурожаатномада қайд этилганидек, опа-сингилларимизнинг ҳаммага ҳам айтавермайдиган дарду ташвишлари, кундалик муаммолари, орзу-ниятларини уларнинг ўзидан яхши тушунадиган инсон йўқ. Шу маънода, кенгашимиз ўз фаолиятида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топиши учун учун ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, қобилиятини тўғри йўналтириш, аёлларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш каби масалаларга устувор аҳамият қаратмоқда.
Шу билан бирга, аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни чуқур таҳлил этиш, илғор тажрибалар асосида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштириш, “Аёллар дафтари" билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида бартараф этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва бошқа тегишли соҳалар бўйича тизимли ишлар кенг йўлга қўйилди.
- Маълумки, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ўз номига кўра жамоатчилик асосидаги тузилма. Бу эса кенгаш фаолияти ўзига хос ёндашувни талаб этиши билан бирга, барча ишларни тегишли тарзда мувофиқлаштириб боришни ҳам талаб этмоқда. Шуларни эътиборга олган ҳолда кенгаш фаолияти хусусида батафсил тўхталиб ўтсангиз.
- Таъкидлаш жоизки, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ўз номи, ҳам фаолияти нуқтаи назаридан жамоатчилик асосида иш юритади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилаётган ушбу кенгаш ўз олдига қўйган вазифаларни самарали амалга оширишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар вазирликлари, Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Дин ишлари бўйича қўмита, Ёшлар ишлари агентлиги, Бош прокуратура, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа тегишли тузилмалар ҳамкорлигида белгиланган вазифалар ижросига киришилган.
Ўтган вақт мобайнида хотин-қизларни ҳунармандчиликка жалб этиш чора-тадбирларини амалга оширишга эътибор қаратилмоқда. Бунда, 2021 йил мобайнида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилишига асосий эътибор қаратилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Хотин-қизларни касбга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида грантларни эълон қилиш бўйича танлов шартлари, уни ўтказиш ва хабардор қилиш, натижаларини саралаш бўйича Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди, Комиссия таркиби шакллантирилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган 20 та туманда хотин-қизларни оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг турли соҳаларига кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида кичик корхоналар ташкил этиш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда марказларнинг ўқув сифатини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш юзасидан ташкилий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
- “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби лойиҳалар мавжуд муаммоларни аниқлаш, ўз вақтида бартараф этиш имконини бермоқда. Бу борада “Аёллар дафтари” билан ишлашда мавжуд камчиликларни ўрганиш, таҳлил этишда қандай натижаларга эришилмоқда?
- Давлатимиз раҳбари томонидан амалиётга жорий этилган “Темир дафтар” дастлаб пандемия даврида оилалардаги камбағалликка барҳам беришдек катта мақсадларни кўзлаб ташкил этилган. Одамлар турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларга ечим топишдек эзгу мақсадларни кўзлагани сабабли ҳам буни улкан ижтимоий аҳамиятга молик ғоя, дейиш мумкин. Агар “Темир дафтар” оилалар билан ишлашни кўзда тутса, “Аёллар дафтари” хотин-қизлар муаммоларига ечим топиш, “Ёшлар дафтари” йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, ўз бизнесини очиш учун имкон яратишдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Фаолиятимиз ҳамда юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб- қувватлашга алоҳида аҳамият қаратяпмиз. “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича 6,5 миллион нафар 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилган. Муаммоларни ўрганиш натижасида 432 минг 781 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтар”ига киритилган. Булар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар, тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож, психологик маслаҳатга муҳтож опа-сингилларимиздир. Ҳозирга қадар “Аёллар дафтари”га киритилган опа-сингилларимизнинг 90 фоиздан ортиғининг муаммолари ҳал этилди. Мавжуд муаммоларни ҳал этишга бандликни таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланишга кўмаклашиш, тадбиркорликка жалб этиш, моддий ва мурувват ёрдами кўрсатиш, уй-жойларни таъмирлаш ва яхшилаш, манзилли тиббий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш орқали эришилди.
Шу билан бирга, маҳаллаларда хотин-қизларнинг молиявий-иқтисодий саводхонлигини ошириш бўйича ойликлар ташкил этиш, озодликдан маҳрум этиш жойларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, бандлигини ва таълим олишини таъминлаш, хотин-қизларга кредит ажратиш орқали уларни тадбиркорликка йўналтириш, аёллар муаммоларини ҳал этишга халқаро донорларнинг грантларини жалб этиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид электрон тижорат платформасини яратиш, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар саломатлигини муҳофазалаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда соҳа мутахассислари учун манзилли ўқув курсларининг онлайн платформаси яратилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича тадбирларни кучайтириш, “Маҳалламизнинг фахрий ҳунарманд аёли” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси юртимиз аёллари оғирини енгиллатиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Назокат Усмонова суҳбатлашди, ЎзА