Аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик
Аёл жамият гултожи, меҳр ва гўзаллик тимсолидир. Уларнинг жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Айнан уларнинг манфаатини ифодаловчи ва ҳимояловчи қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, аёлларга кўплаб имтиёзлар жорий қилинди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Ўтган йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ўқишга қабул қилинди.
Яна бир жиҳат. 2020 йилнинг ўтган даври давомида 166,3 минг нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди. 31,1 минг нафари касбга ўқитилди, 48,4 минг ишсиз аёлга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди.
Минг афсуски, қизлар ва аёллар ҳуқуқини ҳам шaхсий, ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлайдиган эркаклар сони кам. Улар қизлар ва аёлларнинг таълим олиши ҳамда ишлашини истамайдилар. Жамиятимизда шундай кишилар ҳам борки, аёлларини тўлиқ назорат қилиш, ҳатто уриш нормал ҳолат деб ҳисоблайди.
Уй шароитида зўравонликлар асосан сифатсиз таълим сабаб бўлган паст иқтисодий кўрсаткичли оилалар бошига тўғри келади. Шу жумладан, аёлларга нисбатан зўравонликлар аёлнинг иқтисодий етишмовчилиги туфайли юз беради. Шуни айтиш лозимки, дунёдаги давлатларнинг кам қисми аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунларни қабул қилган.
Бу борада Ўзбекистон “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилган саноқли давлатлар қаторига кирди. Бу қонунлар давлат ва бошқа тегишли ташкилотларни аёллар зўравонлигига қарши курашиш ва уларга барҳам беришга чақиради.
Мамлакатимизда тазйиққа учраган аёлларга ёрдам бериш, муаммоларига ечим топиш мақсадида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёллар учун реабилитация ва мослаштириш марказлари ташкил қилинган. Зўравонликка дуч келган аёллар учун “ишонч телефон“лари ишлаб турибди.
Ҳуқуқий асос мавжудлигига қарамай, бугунги кунда кўплаб қизлар, аёллар ҳамон гендер билан боғлиқ камситишларга дуч келмоқда ва улар бундай вазиятлардан азият чекишмоқда. Баъзи оилаларда қизларга касб танлаш ва университетга кириб ўқишга рухсат этилмайди. Бунинг ўрнига уларни тезроқ турмушга беришга ошиқишади. Қизларни таълим олишдан маҳрум қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Ўқимаган ва малакасиз аёллар, айниқса, бева бўлиб қолса ёки турмушидан ажрашса, нима қилишларини билмай қолади.
Бунинг яна бир ёмон оқибати борки, иқтисодиётга ҳам салбий таъсир этади. Яъни ишчи кучидан тўлиқ фойдаланилмайди. Ундан ҳам ёмони, бу аёлларнинг, айниқса, ёш болаларнинг руҳиятини жароҳатлайди. Катталар кўпинча кун сайин ўсаётган ва уларнинг хатти-ҳаракатларидан ўрнак оладиган болалар кузатиб турганини эсдан чиқаради. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор.
Бундан кўриниб турибдики, ота фарзандининг онасига нисбатан зўравонлик қилиши билан ўғил болада, аёл кишини уриш мумкин экан, деган тушунчани пайдо қилади. Улар ўзини хавфсиз сезмайди. Ижтимоий ҳаётида турли муаммоларга дуч келади. Спиртли ичимликлар ёки наркотикларга ружу қўйиши ҳамда ҳаётда жисмоний ёки психологик зўравонликка мойил бўлиши мумкин.
Зўрaвонлик қилиш ёки қизларнинг таълим олишига йўл бермаслик уларнинг келажагига ва дунёқарашига салбий таъсир кўрасатади.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида, Конституциясига асосланган ҳолда аёлларга адолатли муносабатда бўлиш, уларнинг ҳам худди эркаклар сингари имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқи борлигини эслатишдан иборатдир.
Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА, ЎзА