
Юртимизда олти йилдан буён оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кўмакка муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллаларда “Аёллар дафтари” йўлга қўйилди. Бу маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳаётнинг турли синовлари туфайли қийналиб қолган юртдошларимизга давлат томонидан кўмак бериш, уларнинг ҳаётини изга туширишда муҳим рол ўйнамоқда. Хонадонбай ўрганиш асосида шакллантириладиган рўйхатга киритилган хотин-қизларга давлат маблағлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан ёрдам кўрсатилади, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратилади.
“Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва унда қайд этилган опа-сингилларимизга манзилли ёрдам беришга оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳам масъул ҳисобланади.
– Айни пайтда маҳаллаларда “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичини амалга ошириш учун хонадонма-хонадон ўрганиш орқали рўйхат шакллантирилмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов. – 2024 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолияти ҳамда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига кўра, бу жараёнда айрим ўзгаришлар бўлди. Илгари кўмакка муҳтож хотин-қизларни рўйхатга киритиш учун бир неча ташкилотлар ходимларидан таркиб топган гуруҳ йил бошида хонадонма-хонадон ўрганиш ишларини олиб борган бўлса, эндиликда бу ишни “маҳалла еттилиги” тегишли сектор вакиллари билан биргаликда амалга оширмоқда. Чунки, эндиликда еттилик таркибида аҳолининг турмуш даражасини ўрганиш имкониятига эга тегишли соҳалар вакиллари фаолият олиб бормоқда. Вилоятимизда рўйхат шакллантириш ишлари 5 январдан бошланди ва 30 январигача давом этади. Ушбу жараён боришини касаба уюшмалари ташкилотлари ходимлари ҳам кузатиб, жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.
[gallery-21354]
Анкета сўровнома тўлдириб бўлингач, 30 январдан 15 февралгача “маҳалла еттилиги” томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси, яъни тоифаси аниқланиб, “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичига киритиладиган хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилади. Сўнгра “еттилик” ҳар бир аёлга ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал дастур ишлаб чиқади ҳамда сектор раҳбарига тақдим этади.
15 февралдан 25 февралгача сектор раҳбарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи барча маҳаллалардан рўйхат ва индивидуал дастурларни олиб, ижро учун масъул бўлган туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарларини йиғади ва дастурлар билан таништиради. Туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарлари индивидуал дастурлар билан танишиб, тасдиқлайди. Агар масъулларда дастурда белгиланган “амалий ёрдам” бўйича эътироз бўлса, шу жойнинг ўзида тўғрилаб, кейин тасдиқлашади. Индивидуал дастурлар секторлар ва масъул ташкилотлар раҳбарлари томонидан имзоланганидан кейин унинг асл нусхаси “маҳалла еттилиги”га қайтариб берилади.
“Маҳалла еттилиги” “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга қайси ташкилот қачон, қанча миқдорда ёрдам беришини тушунтириб, рози бўлсаларгина индивидуал дастурларнинг асл нусхасига имзо қўйдиради. Агар рўйхатга олинган эҳтиёжманд аёлда индивидуал дастурда белгиланган “амалий ёрдам”га нисбатан асосланган эътироз бўлса, индивидуал дастур қайта ишланади. Индивидуал дастурлар секторлар раҳбарлари, ижро учун масъул ташкилотлар раҳбарлари ва эҳтиёжманд аёллар томонидан имзоланганидан кейингина “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори билан тасдиқланади.
– Индивидуал дастурлар “маҳалла еттилиги” томонидан юритилади ва маҳалла идораларида сақланади – дея сўзида давом этади А.Абдусаидов. –Сектор раҳбарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи индивидуал дастурлар асосида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари ҳамда “Маҳалла еттилиги” аъзолари “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар рўйхатини шакллантиришда маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади. Бу масала “Аёллар дафтари” низомида қатъий белгилаб қўйилган. Барча ҳужжатлар тасдиқланганидан кейин март ойидан бошлаб ноябрь ойигача эҳтиёжманд аёлларга уларнинг индивидуал дастурлари асосида тегишли ташкилотлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилади. Амалий ёрдам беришда, жумладан, маблағларни сарфлаш билан боғлиқ масалаларда “маҳалла еттилиги” тавсияси, хулосаси ёки қарори керак бўлади.
Бу даврда, яъни март-ноябр ойлари давомида секторлар раҳбарлари ҳар ой якунида амалга оширилган ишларни тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” билан биргаликда таҳлил қилиб боради, муаммолар вужудга келса, уларни бартараф этиш чораларини кўради.
Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари ва масъул ташкилотлар раҳбарлари индивидуал дастурларда белгиланган чора-тадбирлар ижроси ва унинг ҳаққонийлиги бўйича ҳар чорак якунида тегишли Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ахборот беради.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари