“Аёллар дафтари”: ҳар бир аёл эътиборда
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда “Аёллар дафтари” шакллантирилди. Бу дафтарлар уйма-уй юрган ҳолда, хотин-қизларнинг ҳаёти, муаммо ва дардлари ўрганилиб, тузилди. Шу асосида тегишли дастурлар ишлаб чиқилди.
Самарқанд вилоятида ўтган йил “Аёллар дафтари”да қайд этилган 81 мингдан ортиқ 30 ёшдан юқори хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Уй-жойга эга бўлмаган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган ёки бемор аёллар, боқувчисини йўқотган оилалар бекалари, ҳаётда тўғри йўлдан адашган ожизалар, қўйингки, юртимиздаги ҳар бир аёлдан ҳол-аҳвол сўралиб, муаммоси бўлса, ҳал этишга кўмаклашилди.

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланган жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами анча кенгайди. Аввало, “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг тоифалари ўзгарди. Улар олти йўналиш, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, боқувчисини йўқотган эҳтиёжмандлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган ҳамда қарамоғида ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар йўналишлари бўйича дафтарга киритилди.
Дафтарда қайд этилган аёлларнинг барчасига ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Жумладан, вилоятнинг Оқдарё туманида хонадонбай ўрганиш асосида 2511 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, индивидуал дастурлар шакллантирилган.

– Ёрдамга муҳтож опа-сингилларимизни дафтарга киритишда белгиланган олти йўналишдан қайси бирига тўғри келиши аниқланиб, шунга қараб дастурлар тузилди, – дейди Оқдарё тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Юлдуз Ўроқова. – Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, бироқ даромад манбаига эга бўлмаган хотин-қизлар 1017 нафарни ташкил этди ва шу пайтгача уларнинг 1007 нафарига тикув машинаси, пишириқ тайёрлаш печи каби даромад топиш мумкин бўлган жиҳоз ва ускуналар тарқатилди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар 106 нафар бўлди ва уларнинг барчасига тумандаги учта тижорат банки томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Учинчи тоифадаги, яъни боқувчиси бўлмаган (вафот этган, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, руҳий касал, I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган, бедарак йўқолган, никоҳи бекор қилинган) эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳам кўпчиликни ташкил этди – 690 нафар. Йил давомида уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Худди шундай ёрдамдан ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 439 нафар ҳамда қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд 258 нафар хотин-қиз ҳам баҳраманд бўлди. Нотурар жойларда яшайдиган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифаси бўйича 1 нафар аёл аниқланиб, унга имтиёзли кредит асосида бериладиган уй-жойнинг бошланғич тўлови учун маблағ ажратилди.
“Аёллар дафтари” рўйхатига олинган аёлларга бу каби ёрдамлар билан чекланилмай, ҳокимлик ва саховатпеша инсонлар кўмаги билан моддий ва маънавий ёрдам бериб келинмоқда. Масалан, туманнинг Галаравот маҳалласида яшовчи, ногиронлиги бўлган Д.Худойназарованинг даволаниши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида моддий ёрдам пули берилди. Шунингдек, 250 нафар хотин-қиз Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига саёҳатга юборилди. Дафтарда қайд этилган барча хотин-қизларга тегишлилиги бўйича психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилди. Туманнинг Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Ю.Исроилова шу пайтгача фақатгина турмуш ўртоғининг топгани билан рўзғор тебратиб келарди. Аммо бу уч нафар фарзандининг еб-ичиши, кийиниши учун камлик қиларди. Шу сабабли дафтарга тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар қаторида қайд этилган эди.
– Банк томонидан 24 миллион 900 минг сўм имтиёзли кредит ажратилиб, ҳовлимизда иссиқхона қуриб берилди – дейди Ю.Исроилова. – Қўни-қўшнилардан иссиқхонада ишлаш, даромад олишни ўргандик. Ишласа, битта рўзғорга етгулик даромад қилиш мумкин экан. Кредитнинг асосий қарзини қайтаришни ҳам бошладик.
Тумандаги “Zarafshon tekstil” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик фабрикаларида ҳам оқдарёлик юзлаб хотин-қизлар бугун доимий иш ўрнига эга бўлмоқда. Шунингдек, яна бир қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида аёллар учун янги иш ўринлари очилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА