Аёли эъзозланган юрт тарғибот тадбири
Гулистон шаҳрида "Янги Конституция – халқ дардига қулоқ солувчи давлат асоси" шиори остида "Аёли эъзозланган юрт" номли тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоят ва туман “Оқила аёллар” ҳаракати етакчилари, отинойилар, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, кўчабошилар, турли соҳада фаолият юритаётган аёллар ҳамда фаол хотин-қизлардан иборат тарғибот гуруҳи томонидан янгиланаётган Конституциядаги ўзгартиришлар, инсон қадри, оила, аёллар ва болаларга берилаётган ҳуқуқлар, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар таъкидлаб ўтилди.


Тадбир доирасида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган ногиронлиги бўлган 115 нафар хотин-қизларга ногиронлик аравачаси, ҳасса, эшитиш мосламаси каби реабилитация воситалари топширилди. Айниқса, ҳунармандчилик йўналишида иш олиб бораётган хотин-қизлар, тадбиркор, ҳунарманд аёлларнинг миллий ҳунармандчилик намуналаридан ташкил этилган кўргазма барчада қизиқиш уйғотди. Вилоят мусиқали драма театрида сўзга чиққан вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари, сенатор Ҳаётхон Ортиқбаева, Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳанова, Ширин шаҳар “Фарҳод” МФЙ хотин-қизлар фаоли Шоҳиста Ғаффорова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Ҳилола Обидова, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Дилором Исмадиёрова ва бошқалар юртимизда амалга оширилаётган улкан ижобий ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятда аёлларнинг роли ва ўрни, уларга яратилаётган шароитлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.


Янгиланаётган конституциямизда аёлларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланаётганлиги таъкидланди. Инсон омилининг биринчи даражага чиқарилаётгани таҳсинга лойиқлиги алоҳида эътироф этилди. Тарғибот тадбирида 30 апрель – умумхалқ референдумида барча оила-аъзолари билан биргаликда ўзларининг ҳуқуқларидан фойдаланиб, фаол иштирок этиб, овоз беришлари ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчи эканлиги таъкидланди. Таниқли санъат усталари ва ёш ижодкорлар иштирокидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларига янада кўтаринкилик бағишлади.




Шуҳрат Суяров, ЎзА