Аёл турмуш ўртоғига буйрагини берди
Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани “Равот” маҳалласида истиқомат қилаётган Абдуллажон Абсаитов эндигина 43 ёшни қарши олган. У аёли билан беш нафар фарзандни тарбияламоқда. Икки йилдирки Абдуллажонни буйрак хасталиги қийнаб келади. У кўплаб шифокорларга мурожаат этди. Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасининг Нефрология ва гемодиализ бўлимида саккиз ойдан буён даво муолажаларини олиб келади.
–Донор изладим-у, топа олмадим, – дейди Абдуллажон Абсаитов. – Кунни тунга, тунни кунга улаб турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан бахтли, соғ-саломат ҳаёт кечирганимни доим эслайман. Қани ўша онлар, бахтиёр дамлар қайтиб келсайди, дея ўйлайман. Кунларнинг бирида турмуш ўртоғим ўз буйрагини бермоқчи бўлганини, бунинг учун зарур текширувлардан ўтганлиги, қон гуруҳи тўғри келишини айтди. Хуллас, турмуш ўртоғим Ферузахон Абсаитова бир буйрагини менга туҳфа этди. Бундан нафақат мен, фарзандларим ҳам хурсанд.
Жарроҳлик амалиётини Гулистон тиббиёт кластерида В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳлари амалга оширди. Юқори технологик жарроҳлик амалиёти учун кетган барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди. Айни вақтда сардобалик Абдуллажон Абсаитовнинг саломатлиги қониқарли. Ҳозирда улар ўз хонадонида, фарзандлари бағрида. Улар маълум бир вақт шифокорлар назоратида бўлади.
Шуҳрат СУЯРОВ, ЎзА