Аёл тадбиркор – оила ва жамият тараққиётининг таянчи
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган бу галги очиқ мулоқоти юртимиз ишбилармон доира вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очади. Унда белгиланган долзарб вазифа ва мақсадлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш баробарида янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадларини ошириш, ҳудудлар ривожини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Мазкур учрашув мазмун-моҳияти, айниқса, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Бердиева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Хоразм заминида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқотида билдирилган фикр ва ташаббуслар, энг аввало, тадбиркорликни янги сифат босқичига олиб чиқиш, бизнес ва давлат муносабатларини янада мустаҳкамлаш, инсонларни доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни замонавий тадбиркорликка кенг жалб этиш ва аёл тадбиркорларнинг янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Зеро, аёл тадбиркор – бу фақат ўз бизнесини йўлга қўйган инсон эмас, у аввало, оиласи фаровонлигини мустаҳкамлайди, янги иш ўринлари яратади, маҳаллада бошқа хотин-қизлар учун ҳам имконият эшигини очади. Шу маънода аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бир вақтнинг ўзида оила даромадини ошириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали воситаларидан бири.
Сўнгги йилларда бу йўналишда мутлақо янги тизим шаклланди. Хусусан, 2026 йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс ажратилиши, шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши белгиланган. Ушбу рақамлар замирида катта мақсад мужассам. Яъни, хотин-қизларга шунчаки кредит ёки имтиёз бериш эмас, балки уларни мустақил даромад топадиган, иш ўрни яратадиган, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва, энг муҳими, ўз бизнесини кенгайтира оладиган фаол иқтисодий субъектга айлантириш вазифаси турибди.
Айниқса, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ёндашувлар бу борада катта имконият яратади. “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси доирасида минглаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун йирик молиявий ресурслар ажратилиши белгиланган. Хотин-қизлар бу имкониятлардан кенг фойдаланишида уларни касбга ўргатишдан бошлаб, бизнес-режа тузиш, молиялаштириш, маҳсулотни бозорга олиб чиқиш ва экспортга йўналтиришгача бўлган яхлит тизимни яратиш муҳим.
Шу жиҳатдан қараганда, очиқ мулоқотда тадбиркорликни “бизнесни бошлаш” босқичидан “капитални кўпайтириш” босқичига ўтказиш бўйича илгари сурилган мақсадлар аёл тадбиркорлар учун ҳам янги имкониятлар даврини бошлаб беради. Энди хотин-қизлар тадбиркорлигини фақат микробизнес доирасида эмас, балки кичик ва ўрта бизнесни кенгайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва ташқи бозорларга чиқиш нуқтаи назаридан ривожлантиришимиз лозим.
Энг муҳими, бу жараёнда хотин-қизларнинг тадбиркорликка кириб келишини эмас, балки муваффақиятли бизнесни сақлаб қолиши ва уни янада кенгайтиришини таъминлашимиз зарур. Бунинг учун “устоз – шогирд” анъанасини ривожлантириш, тажрибали аёл тадбиркорларни янги бошлаётган ишбилармонларга бириктириш, бизнес таълими ва менторлик тизимини кучайтириш муҳим.
Ишончим комилки, бу галги мулоқотда белгиланган янги вазифалар ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтиради. Фаол, билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган хотин-қизларимиз сафини кенгайтириш эса Янги Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиб қолади.
Зеро, аёлнинг қўлидаги имконият – оиланинг даромади, маҳалланинг тараққиёти ва жамиятнинг фаровонлиги демак. Шу боис биз, парламент вакиллари сифатида хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган мустаҳкам ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, жойларда яратилган имкониятларнинг ҳар бир маҳаллага етиб боришини таъминлаш ва аёл тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этишимиз лозим.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА