Аёл парламентарийлар фаоллигини янада ошириш лозим
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлари форуми аёлларнинг барча соҳадаги фаоллигини янада ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда чинакам мулоқот майдонига айланди. Мазкур анжуманда бевосита иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хўжаева форум ҳақида ўз хулосалари ва фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Ушбу форум биз, парламент аъзоларига Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қўшаётган ҳиссамизга четдан туриб назар солишга имкон берди. Асосли ғоялар ва конструктив таклифлар илгари сурилган форумнинг ҳар бир иштирокчиси, шу жумладан, депутатлар бир қатор саволларга жавоб излашга ҳаракат қилган бўлса, ажабмас.
Нима қилсак, қандай йўл тутсак, опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқларини билади? Қонунчилигимизнинг қайси жойида бўшлиқ мавжуд? Ёки қайси қонунларимизнинг ижросида сусткашликка йўл қўйиляпти? Бу борадаги ҳуқуқий базани такомиллаштиришда аёл депутатларнинг ўрни, иштироки сезиляптими?
Аввало айтиш керак, тўртинчи чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг ўтган даврида, яъни 2020 — 2023 йиллар давомида аёл депутатлар 23 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва парламент муҳокамасига киритишда бевосита иштирок этган. Умуман олганда, парламентимизда кўриб чиқилган ва қабул қилинган қонунларда хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини кенгайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёллар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларнинг сифати ва сони сезиларли даражада ўсди.
Хусусан, 2022 йил декабрда қабул қилинган тегишли қонунга асосан илк бор Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказиш тартиби белгиланди. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилгани, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашув ҳолатлари ўрганилмоқда ҳамда баҳоланмоқда. 2023 йил апрелда қабул қилинган қонунга асосан эса Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар оиладаги зўравонликни назарда тутувчи моддалар билан тўлдирилди. Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар умумий сонида аёл номзодларнинг энг кам улуши 30 фоиздан 40 фоизга оширилди.
Қонунларимиздаги бу каби ўзгартиришлар аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтиришга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга хизмат қилмоқда.
Кези келганда таъкидлаш лозим, форумнинг параллель сессиясида хотин-қизлар иқтисодий ҳолатини яхшилашда парламентнинг ўрни муҳокама қилингани эътиборимни тортди. Сессияда парламент аъзолари хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга таъсир этишда муҳим роль ўйнаши, бу борадаги тегишли қонунчилик базасини ривожлантиришда ўрни катталиги қайд этилди.
Ўз навбатида, биз, депутатлик корпуси вакиллари хотин-қизларимизга жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишига, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, қолаверса, давлат ва хусусий секторда гендер мувозанатини таъминлашга қаратилган қонунчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшишда давом этишимиз лозим.
Форумда билдирилган тавсиялардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ушбу йўналишда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан, аёл парламентарийларнинг фаоллигини ошириш, дўстлик гуруҳлари фаолияти доирасида бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини доимий муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни қонунчиликда акс эттириш, халқаро амалиётни таҳлил қилиш каби бир қатор вазифаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
ёзиб олди.